Sky News Arabia хабар беришича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали мулоқот қилди.
Канал маълумотига кўра, икки етакчи Исроилнинг Ливандаги ҳарбий операциялари ҳамда Эроннинг АҚШ билан музокараларни давом эттиришдан бош тортгани масалаларини муҳокама қилган.
Аввалроқ Трамп Эроннинг Вашингтон билан музокараларни тўхтатиш ҳақидаги қарори юзасидан олдиндан хабардор қилинмаганини айтган эди.
Шу билан бирга, АҚШ раҳбари музокаралар тўхташи можаронинг янада кескинлашишини англатмаслигини таъкидлади.
Сўнгги ҳафталарда Яқин Шарқдаги вазият, хусусан, Исроил–Ливан йўналишидаги кескинлик ва Эрон атрофидаги дипломатик жараёнлар Вашингтон ҳамда Тел-Авив ўртасидаги маслаҳатлашувларни янада фаоллаштирган.