Бугун 13 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Нетаньяху NAZA ҳужжатли фильмида иштирок этган ҳарбийларга нисбатан жиноий тергов бошлашни талаб қилди

Нетаньяху NAZA ҳужжатли фильмида иштирок этган ҳарбийларга нисбатан жиноий тергов бошлашни талаб қилди

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторида тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши ҳақида ҳикоя қилинган NAZA ҳужжатли фильмида иштирок этган исроиллик ҳарбийларга нисбатан жиноий тергов бошлашни талаб қилди.

Бош вазир девонининг X ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотига кўра, тергов ахборот хавфсизлигини жиддий бузиш, туҳмат ва Исроилнинг дипломатик манфаатлари ҳамда хавфсизлигига зарар етказиш эҳтимолларини қамраб олиши керак.

«Фильмда кўрсатилган шахслар жиноят содир этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар мавжуд. Жумладан, ўта махфий разведка бўлинмасига тегишли сирли маълумотларни ошкор қилиш ва ахборот хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби жиддий айбловлар ҳам бор», — деди Нетаньяху.

У, шунингдек, фильм суратга олинишида иштирок этган барча ҳарбийларнинг шахсини аниқлашни талаб қилди.

Исроил мудофаа армияси Бош штаби раҳбари Эяль Замир ҳарбий разведка, ҳарбий прокуратура ва ҳарбий-ҳаво кучларига NAZA фильмида қайси аскарлар иштирок этганини, улар амалдаги ҳарбий хизматчилар ёки захирадаги ҳарбийлар эканини аниқлаш бўйича топшириқ берди.

Нетаньяху ҳужжатли фильмни «антисемитик фитнага ундаш» деб атади.

Ғазо секторида тинч аҳолининг оммавий ўлдирилишига бағишланган NAZA фильми Италияда ўтказилган 83-Венеция халқаро кинофестивалида ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига сазовор бўлди. Ушбу мукофот Исроилда кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.

13 сентябрь куни Исроил маданият вазири Мики Зоһар фильм режиссёрлари Юваль Абрахам ва Рахель Шорни фуқароликдан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган эди.

Киритилди: 20:05 12.10.2026. Ўқилди: 300 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!