Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ҳарбийлар билан йиғилишда сўз олиб, минтақадаги вазият ҳақида гапирди. Унда Исроил мудофаа вазири Исроил Кац ва бош штаб бошлиғи Эял Замир ҳам қатнашди.
Нетаняху йиғилиш давомида Эрон масаласига тўхталди. У Теҳронни яҳудий давлатига қарши ўтган асрдаги урушларнинг асосида ётган пан-араб мафкурасидан ҳам хавфлироқ таҳдид деб атади.
"Улар бизни маҳв этиш мақсади билан уч йўлни барпо қилдилар. Биринчиси бўғувчи ҳалқа бўлиб, Исроил атрофида турли кучлардан иборат иттифоқ тузишдир. Иккинчиси таҳдид – ракеталар орқали йўқ қилиш режаси. Учинчиси эса ядровий қуроллардир. Бироқ биз уларнинг асосий нишони эмасмиз. Лекин ўз мақсадларига эришиш учун улар бизни йўқ қилишлари керак. Исроилни йўқ қилмасдан Яқин Шарқни забт этиб бўлмайди. Агар Исроил йўқ бўлса – минтақа кўп ўтмай вайрон бўлади", деган Нетаняху.