Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан АҚШ президенти Жо Байденнинг ҳали ҳам Исроил бош вазири Биньямин Нетаньҳуга қўнғироқ қилмаганига изоҳ берди.
Independent нашрининг ёзишича, Гилад АҚШ раҳбарининг айни пайтда иқтисодий турғунлик ва коронавирусга қарши кураш билан бандлигини, Нетаньяҳу эса мулоқотнинг вақти ҳақида ташвишланмаётганини айтган.
АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп лавозимни эгаллагандан икки кун кейин Исроил бош вазири билан телефон мулоқоти ўтказган эди. Бироқ Байденнинг ҳали ҳам Нетаньяҳуга қўнғироқ қилмагани гап-сўзларга сабаб бўлди. Ўтган ҳафтадаги матбуот анжумани чоғида Нетаньяҳу навбат Яқин Шарққа келиши билан Байден унга қўнғироқ қилишини, икки давлат ўртасидаги иттифоқдошлик алоқалари кучли эканлигини таъкидлади.
АҚШнинг янги президенти шу пайтгача Россия, Хитой, Мексика, Британия, Ҳиндистон, Франция, Германия, Япония ва Жанубий Корея етакчилари билан телефон мулоқотлари ўтказди.
Эрон бўйича сиёсат ва Фаластин ҳудудларида яҳудийлар учун ноқонуний турар жойлар қурилиши АҚШ ва Исроил муносабатларида баҳс келтириб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.
Manba: azon.uz