Канада Бош вазири Марк Карни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Канадага ташриф буюрган тақдирда Халқаро жиноят суди (ХЖС) ордери асосида ҳибсга олишга ваъда берди.
Карнининг бу билдируви Канадада кенг муҳокамага сабаб бўлди. Канадалик нашрлардан бири, Toronto Sun газетаси, у «ўзининг шахсий қарашларини Канада миллий манфаатларидан олдин қўймоқда» деб айблаган.
Газетанинг таъкидлашича, Канада Қўшма Штатлар билан қийин кечаётган муносабатларни тиклаши керак бўлган бир пайтда, Карни «сиёсий сабабларга кўра тингловларни ўтказган шубҳали суднинг шубҳали қарорлари асосида» президент Трампнинг асосий иттифоқчисини ҳибсга олишни таклиф қилмоқда.
ХЖС 2024 йил ноябрь ойида Нетаньяҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантга Ғазодаги ҳарбий жиноятлари учун айблов эълон қилиб, ҳибсга олиш ҳақида ордер берган эди. Ўз вақтида Канада бу қарорни қўллаб-қувватлашини билдирган. Карни ҳам «Канада халқаро қонунларга садоқатли» эканини деб таъкидлаган.
Исроил томони эса ХЖСнинг дастлабки қарорини тан олмай келмоқда.