Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу Ливан жанубида ҳужумни кучайтириш ҳақида буйруқ берди. Айни пайтда хорижий матбуот Исроил армияси ушбу операция давомида жиддий йўқотишларга учраётганини ёзмоқда.
Исроил томонининг билдиришича, операциянинг асосий мақсади «босқин хавфини олдини олиш ва танкка қарши ракета зарбаларини мамлакат чегарасидан узоқлаштириш». Бироқ, Military Watch Magazine нашрига кўра, Исроил қўшинлари Ливандаги қуруқлик операциялари давомида жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Хусусан, уларнинг Merkava танклари йўқотишлари сўнгги 40 йилдаги энг юқори даражага чиққан, зирҳли техника эса мунтазам равишда танкка қарши ракеталар ва бошқа воситалар қўлланиладиган тузоқларга тушиб қолмоқда.
Қайд этилишича, қарши томон кичик ва ҳаракатчан гуруҳлар билан тайёргарлик кўрмоқда, улар олдиндан позициялар тайёрлайди ва колонналарга зарба бериб, тезда чекинади. Бу эса Исроил Қуролли кучларининг ҳужум суръатини сезиларли даражада секинлаштирмоқда.
Қўшимча равишда, ҳудуднинг мураккаб географик жойлашуви ҳамда зич қурилиш сабаб танклар самарадорлиги чекланмоқда. Натижада Исроил қўшинлари эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга мажбур бўлмоқда.