Бугун 22 сентябрь, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Нега “Korzinka.uz” нархномаларида ўзбекча сўзни учратмаймиз, бу бренд ўзбек тилини менсимайдими?

Нега “Korzinka.uz” нархномаларида ўзбекча сўзни учратмаймиз, бу бренд ўзбек тилини менсимайдими?

Юртимизда ўзбек тили Давлат тили мақомига кўтарилганига 30 йил бўлди. Бу тилда эмин-эркин сўзлашаётганимизга 28 йил тўлди. Миллатнинг асосий забони учун кураш қилганимизга эса 70 йилдан ошди. Аммо... Шунча йиллар жафо чеккан халқнинг биргина тилини софлигича асраш учун қилган ҳаракатларига соя солиш ҳоллари, афсуски йўқ эмас.
Гарчи 30 йиллик сана яқинлашаётган бўлса-да, давлат тилини давлат мақоми даражасига олиб чиқа олмаётганимиз қайсидир маънода бор гап.
Хусусан, кўча-кўйлардаги турли реклама ёрлиқлари, атамалардаги хатоликлар ҳақида бот-бот эслатиб турилаётгани ҳақиқат. Аммо бугун айнан кўчаларимизга зеб бериб турган дўконлар фаолиятида ўзбек тилининг аҳамиятига қандай эътибор берилмоқда?
Келинг, шу ўринда кузатувимизни Ўзбекистондаги энг нуфузли ёрлиқлардан бири бўлган “korzinka.uz” дўконларидаги нархномалардан бошласак.
“korzinka.uz” дўконлари мустақиллик даврида очилганига қарамай, негадир дўконда ўзбек тилидаги нархномани топа олмайсиз. Нархлар рус тилида эълон қилинишига қаршилик қилмоқчи эмасмиз, аммо Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг 20-моддасида нархномалар давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши лозимлиги қайд этилган.
Бошқа тилларда эса таржима берилиши мумкин. Дўкон раҳбарияти Давлат тили ҳақидаги қонундан бехабармикан, деб ҳам ўйлаб қоласан киши.
Асосан ўзбек тилида сўзлашувчи аҳолидан иборат даҳалардаги “korzinka.uz” дўконларида ҳам ўзбекча нархномани учратмайсиз.
Ҳатто халқ тилида айтиладиган “ёпган нон” ҳам ушбу дўконларда “лепёшка” тарзида қайд этилган. Қизил қовунни эса рус тилига таржима қилишда бироз тер тўкиб “дыня красномяско” сўзини ихтиро қилишганига “офарин” дейсиз.
Кези келганда фидокормиз, лоқайд эмасмиз, деймизу бироқ йирик тармоқли дўконларда ўзбекча сўзни учратмасак ҳам билмаганга олиб кетаверамиз.
Фидойилик, давлат тилини ҳурмат қилишдан, қонунларга итоат этишдан бошланмайдими? Кези келганда, виждондан кўра қонун ҳам фидойиликка ундовчига айланади. Давлат тилини менсимаган, жамоат жойларида ўзбек тилини ҳурмат қилмаган тадбиркорлар ҳам назаримизда, қонун олдида жавоб бериши керак.
Ким билади дейсиз, балки ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлаётгани арафасида ушбу нуфузли тармоқ дўкон раҳбарияти савдо расталарида давлат тилига ҳам эътибор бериб қолар... Кузатувларимиз эса давом этади. Қуйидаги видеода korzinka.uz дўкони нархномаларидан ўзбекча сўзни топиб кўрингчи.

Анора СОДИҚОВА, ЎзА

Киритилди: 17:24 07.09.2019. Ўқилди: 1473 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!