Бугун 23 декабрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Нефтининг нархи сезиларли равишда арзонлашди

Нефтининг нархи сезиларли равишда арзонлашди

АҚШ санкциялари туфайли Россия нефтининг нархи сезиларли равишда арзонлашди — Bloomberg.

"Россиянинг асосий экспорт нефти бўлган Urals маркали нефт нархи баррелига тахминан 34 долларгача пасайди. Бу АҚШ томонидан ушбу соҳадаги энг йирик компаниялар – “Роснефть” ва “Лукойл”га қарши жорий этилган санкциялар фонида содир бўлди", дея ёзмоқда агентлик.

Россиянинг Болтиқ денгизидаги портлардан етказиб бериш шарти билан Urals нефти баррелини 34,82 долларга, Қора денгиздаги портлардан эса 33,17 долларга сотиб олиш мумкин бўлган. Таққослаш учун, шу куни халқаро эталон ҳисобланувчи Brent нефти нархи 61 долларни ташкил этган. Bloomberg'нинг қайд этишича, бир йил давомида Brent нархи Urals'га нисбатан анча кам пасайган, бу эса санкциялар таъсирини кўрсатади.

"Ҳозирда Россиядан жўнатилаётган Urals нефтига берилаётган чегирма ўртача ҳисобда баррелига 27 долларни ташкил этмоқда. Нефт Ҳиндистонга етиб боргач, чегирма тахминан 7,5 долларгача қисқаради. Россия нефтининг жуда арзон нархлари айрим нефтни қайта ишлаш заводларини санкцияларга эътибор бермасдан уни сотиб олишга ундамоқда", дейилади Bloomberg мақоласида.

Россиянинг нефт қазиб олувчи компаниялари “Лукойл”, “Роснефть” ва уларнинг 34 та шўба корхонасига жорий йил октябр ойида Россиянинг Украинага қарши урушини давом эттираётгани фонида АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан санкциялар жорий этилганди . АҚШ ҳукумати бу қарорни “Россиянинг тинчлик жараёнига жиддий қизиқиши йўқлиги” билан изоҳлаган эди.

Киритилди: Бугун 16:17. Ўқилди: 289 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!