Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Навоийлик эркак нақ 7 кишини чув туширди

Навоийлик эркак нақ 7 кишини чув туширди

Навоийлик Бекзод Ҳамроев (исм-шарифлар ўзгартирилди) оиласи ва уч нафар фарзандини ҳалол луқма билан боқиш ўрнига, қинғир йўлни танлади.

Ўтган йилнинг январь ойида фирибгарлиги учун жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди томонидан жазоланган бу кимса ўзига тўғри хулоса чиқармади. Бу гал Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида ижарага жой олиб, мебель таъмирлаш цехи очди.

«Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас», деганларидек, Бекзод «эски ҳунари»ни қўмсаб қолди. Дастлаб фириб тузоғига Замира Адашбоева илинди. Ошхона мебелларини ясатиш умидида унинг олдига келган мижозининг раъйини қайтаришни истамаган устаси фаранг дарров уникига бориб, янги мебеллар ўрнатиладиган жойнинг ўлчамларини олди.

– Агар уч миллион сўм берсангиз, сиз айтгандек кўринишдаги мебелларни ясаб бераман.

– Бунча қиммат? – деди унинг гапларидан ажабланган хонадон соҳибаси. – Ҳали янги газ плитаси ҳам олишим керак.

– Хоҳласангиз, 200 АҚШ долларига Тошкентдан чет элда ишлаб чиқарилган газ плитасини олиб келиб бераман...

Охир-оқибат унинг ёлғон ваъдаларига ишонган хонадон соҳибаси айтилган пулни қандай берганини ўзи ҳам билмай қолди. Бу ҳам камлик қилгандек, унинг ёнида фирибгарнинг гапларини эшитиб турган қўшниси Наргиза ҳам янги газ плитаси учун 2 миллион сўмни қуртдек санаб берди.

Б. Ҳамроевнинг нафси борган сари ҳакалак отди. Ҳали мижозларига берган ваъдасини бажармай туриб, Н. Самадовага мебелларини 180 минг сўм эвазига таъмирлаб беришини айтиб, пул ва жиҳозларни устахонасига олиб кетди. Бундан ташқари, Д. Шойимовадан диванининг таъмири учун 800 минг сўм, Б. Одиловадан эса умумий матрас қопламаларини алмаштириб бериш учун 200 минг сўм хизмат ҳақини олдиндан олди. Бироқ уларга берган ваъдаларини бутунлай унутди...

Мижозларидан алдов йўли билан ўзлаштирган пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган Бекзод бошқа текин даромад топа олмагач, охири унга чойхонасидан ижарага жой берган Олим Ҳасановни мўлжалга олади. Дастлаб унинг 4 миллион 500 минг сўмлик диванини сотиб бериш шарти билан олиб, уни қимматроққа пуллайди. Лекин чойхоначига сариқ чақа ҳам бермайди. Мижозларининг тинимсиз қўнғироқлари ва қистовлари натижасида улардан олган мебель ва пулларининг бир қисмини зўрға қайтарган «қаҳрамонимиз» бир эмас, етти нафар инсонни алдаб, бу ердан жуфтакни ростлаб қолади.

Жабрдийдаларга катта миқдорда моддий ва маънавий зарар етказган Б. Ҳамроев узоққа бора олмади. Осойишталик посбонларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида зудлик билан қўлга олиниб, қилмишига яраша қонуний жазо олди.

Достон САЛОМОВ,

капитан.

Михли САФАРОВ.

«Postda.uz».

Киритилди: 13:57 21.12.2019. Ўқилди: 1856 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!