Навоий вилоятининг Нурота туманида «Cентоб» туризм қишлоғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода ҳамда туман фаоллари иштирок этишди.
«Вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда, хусусан, Сентоб қишлоғини «туризм қишлоғи»га айлантириш йўлида 200 га яқин ишсиз аҳоли, жумладан хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлди. Бугунги кунда қишлоқда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти мавжуд. Сентоб қишлоғига мунтазам равишда Англия, Франция, Австрия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими кузатилмоқда», деди тадбирни очиб берган Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев.
Шунингдек, тадбирда Маданият ва туризм вазирлиги вакили Лола Раҳмонбоева сўзга чиқиб, давлат раҳбари томонидан туризм соҳасига қаратилаётган эътибор, сайёҳликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туризм қишлоқларининг соҳа ривожидаги ўрни ҳақида сўз юритди.
Вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Лола Закирлаева туризм қишлоқларининг соҳа ривожидаги ўрни, уларда оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил қилиш жараёнига алоҳида тўхталиб ўтди.
«Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда унинг Навоий вилоятидаги бўлинмаси ташаббуси билан Сентоб қишлоғида бугунга келиб 20 та оилавий меҳмон уйи ва 3 та ҳостел фаолият кўрсатмоқда. Уларга белгиланган стандартлар асосида меҳмон уйлари номи туширилган кўрсаткичлар ўрнатилди. Айни дамда туризм қишлоғида 15 дан ортиқ туристик хизмат йўлга қўйилган», дейди у.
Туризм қишлоғи очилиш маросимида, шунингдек, миллий қадрият ва анъаналаримиз ўз аксини топган маданият ва спорт дастурлари ҳам намойиш этилди.
Бундан ташқари, қишлоқ аҳли томонидан Наврўз байрамининг асосий таоми ҳисобланган сумалак тайёрланди.
Таъкидлаш жоизки, туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди. Шу билан бирга, тунги ёритиш чироқлари, иккита пиёдалар кўприги, иккита селфи ҳудуд, учта санитария-гигиена шохобчаси, “Центоб” қишлоғининг рамзий кириш стеллоси, туристик ахборот маркази қурилиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди. Оилавий меҳмон уйлари ва ҳостелларга белгиланган стандартлар асосида кўрсаткичлар ўрнатилди.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 10-июлдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Президентнинг 2022-йил 28-январдаги “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг ижроси юзасидан Нурота тумани “Центоб” қишлоғига “туризм қишлоғи” мақоми берилган.