Бугун 19 сентябрь, 2019 йил, пайшанба

O'ZB

Навоийда раҳбар аёл фожиаси: эр хотинини нега ўлдирганини айтди (видео)

Навоийда раҳбар аёл фожиаси: эр хотинини нега ўлдирганини айтди (видео)

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида мудҳиш қотиллик содир этилгани, туман халқ таълими бўлими раҳбари Мадина Отаниёзова ўз эри томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди.

«Севимли» каналининг «Замон» информацион-таҳлилий дастурида қотиллик тафсилотларига ойдинлик киритилди.

Қайд этилишича, марҳума 6 сентябрда яхши кайфиятда ишдан қайтади. Қизига китоб совға қилади, устини алмаштириб чиқишини айтиб, ётоқхонага киради. Бироз вақтдан сўнг ётоқхонадан бақир-чақир овози эшитилади.

10 ёшли қиз отасининг доимгидек онасидан пул талаб қилишга келганини пайқаб, қўшниларни ёрдамга чақириш учун кўчага чиқади.

У қайтганида эса онаси қонга беланиб, сув сўраб жон бераётган эди, дейилади репортажда.

«Келганимда онам сув-сув деб бақирарди. Кейин кўзлари очиқ қолди, юмилмади, лаблари кўкариб, гапирмай қолди», — дейди марҳуманинг қизи.

«Икки ойча олдин келганимда эри билан бирга яшарди. Кейин умуман кўрмадим эрини мен. Қизимнинг эрини шу ҳолга келтиришини тасаввур ҳам қилолмайман», — дейди марҳуманинг онаси.

Воқеа жойига келган қўшнилар дарҳол тез ёрдам ва ички ишлар ходимларини чақирган.

«Бироқ энди кеч эди. Шу куни уйнинг орқа деворидан аёлнинг ётоқхонасига кирган ва унга 17 марта пичоқ урган қотил унинг эри Шавкат Раимов эди», — дейилади репортажда.

Шавкат Раимов қотилликни содир этгач, уйдаги шкаф тортмасидан пулларни олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.

«Келишмай қолгандик. У билан гаплашиб олмоқчи эдим. Яхши гаплашмагани учун шундай қилдим. Қилган ишимдан пушаймонман», — дейди Шавкат Раимов.

Мудҳиш қотиллик содир этилган маҳаллада 200 дан ортиқ фуқаро иштирокида жиноят муҳокама этилди. Унда сўзга чиққанлар марҳумани масъулиятли раҳбар, иродали аёл сифатида ёдга олди.

«Арзимаган оилавий низо туфайли бугун икки фарзанд онасиз қолди. Марҳуманинг фарзандларини маҳалла фаоллари қарамоғига олиш истагини билдирди», — дейилади репортажда.

Ҳолат бўйича жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: 15:54 12.09.2019. Ўқилди: 8559 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!