Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан Ички ишлар, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда Навоий вилоятида навбатдаги назорат рейд тадбири ўтказилди.
Олиб борилган рейд тадбири давомида Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган “Тўдақўл” табиий сув ҳавзасида 3 нафар фуқаро томонидан тақиқланган балиқ овлаш қуроли бўлган “лескали тўрлар” ёрдамида жами икки турдаги 39 дона балиқ ноқонуний овлангани аниқланди.
Содир этилган ҳуқуқбузарлик натижасида ҳайвонот дунёсига 120 млн 304 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.
Шунингдек, яна бир ҳолатда “Тўдақўл” сув ҳавзасида жами 5 турдаги 417 дона балиқ ноқонуний овлангани аниқланиб, ушбу ҳолат оқибатида ҳайвонот дунёсига 561 млн 968 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур содир этилган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга тегишли бўлган узунлиги 300 метр лескали тўрлар ва умумий оғирлиги 416 кг бўлган беш турдаги 456 дона балиқлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
