НАТО Ҳарбий қўмитаси раҳбари Роб Бауэр Ғарбнинг узоқ масофали қуроллари билан Россия ҳудудига берилган зарбаларни «ҳарбий нуқтаи назардан оқланган» деб атади.
Бауэрнинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуққа кўра, мамлакат ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва бу унинг чегаралари билан чекланмайди. «Ҳарбий мақсад душманни, унинг логистика линияларини, фронтга ёқилғи ва ўқ-дориларни етказиб беришни заифлаштиришдир», деди у Прагадаги НАТО Ҳарбий қўмитаси йиғилишида.
Аммо бу масаланинг бошқа томони сиёсий, деди у: Киевни қурол билан таъминлаган давлатлар улардан фойдаланиш учун жавобгарликни ҳис қилиши мумкин. Шу муносабат билан, Бауэрнинг сўзларига кўра, Украинанинг шериклари чекловлар ўрнатишга тўлиқ ҳуқуққа эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Вашингтондаги учрашувдан сўнг Украинага Россияга узоқ масофадан зарбалар беришига ошкора рухсат бермаган эди.