Қаршининг "Насаф" жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси (OФК) элит босқичининг 8-турида сафарда БААнинг "Шаржа" клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу Ўзбекистон клублари учун жорий мавсум халқаро майдондаги илк ғалаба бўлди.
Қаршиликлар сўнгги турга 1 очко билан ва мотивациясисиз етиб келган ва плей-оффга чиқиш имконияти қолмаганди. "Шаржа" учун эса вазият бутунлай бошқача эди. Xатто дуранг ҳам Ғарб минтақасида кучли саккизликка кириш умидини сақлаб қолар, ғалаба эса деярли плей-оффни кафолатларди. Бироқ ҳисобни биринчи бўлиб "Насаф" очди. 30-дақиқада жамоа Бобур Абдихолиқов Абдурахматовнинг узатмасидан сўнг дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлимда майдон эгалари фаоллашди ва 80-дақиқада эса Чайо пенальтини аниқ амалга оширди — 1:1. Бироқ учрашувнинг сўнгги дақиқалари меҳмонлар фойдасига ҳал бўлдию 87-дақиқада захирадан майдонга тушган Диёрбек Абдуназаров чиройли зарба билан ғалаба голини киритди. Шу тариқа "Насаф" 2:1 ҳисобида зафар қучиб, "Шаржа"ни плей-оффдан маҳрум қилди.
Бир тур олдин "Насаф" Ироқнинг "Ал Шорта" жамоаси билан дуранг ўйнаган эди ва бу натижа орқали уларнинг ҳам кейинги босқичга чиқиш имкониятини йўққа чиқарган.
"Насаф" Ғарб минтақасида охирги ўринда қолди. Сабаби, "Ал Шорта" Қатарнинг "Ал-Дуҳайл" жамоасини мағлуб этди ва бу натижа турнир жадвалидаги ҳолатга таъсир кўрсатди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, "Насаф"нинг бу ғалабаси Ўзбекистон клублари учун жорий мавсумда халқаро майдондаги илк ғалабаси бўлди. OФК Чемпионлар лигаси–2 турнирида иштирок этган "Андижон" жамоаси эса плей-оффга чиқа олмади — гуруҳ босқичини 5 дуранг ва 1 мағлубият билан якунлади.
Қаршиликларнинг ғалабаси стратегик жиҳатдан ҳам жуда муҳим. OФК клублар рейтингида Ўзбекистон ҳозирда 5-ўринни эгаллаб турибди, аммо омадсиз мавсум сабаб устунлик бироз қисқарган. Ироқ ва Иордания клубларининг муваффақиятли иштироки бу борада хавф туғдирмоқда. "Ал Шoрта" билан дуранг ва БАА клуби устидан қозонилган ғалаба Ўзбекистоннинг 2027/2028 мавсумда элит Осиё Чемпионлар лигасида квотани сақлаб қолиш имкониятини сезиларли оширди. Бу ҳолат Иордания ва Ироқ жамоалари плей-оффида иштирок этишда давом этаётганига қарамай юзага келди.
Марказий Осиёдан OФК Чемпионлар лигаси–2 плей-оффига чиққан ягона жамоа Туркманистоннинг "Аркадағ" клуби бўлди. Жамоа 1/8 финал илк учрашувида Саудия Арабистонининг "Ан-Наср" жамоасига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Жавоб баҳси 18 февраль куни ўтказилади.