Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

Наманганга 1 миллиард долларга яқин Хитой сармояси киритилади

Наманганга 1 миллиард долларга яқин Хитой сармояси киритилади

Наманганда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Наманган – Хитой” халқаро инвестиция ва бизнес форумининг асосий тадбири ҳар икки давлат мадҳиялари садоси остида бошланди.

Мазкур нуфузли иқтисодий анжуманда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, маҳаллий тадбиркорлар, Шарқий Осиёдан келган 300 дан зиёд ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги мавжуд имкониятлар, хорижлик ҳамкорлар, шу жумладан, Хитой билан ҳамкорлик алоқалари самаралари ҳақида сўз юритди.

Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда Наманганда хитойлик инвесторлар капитали иштирокида 71 та корхона фаолият юритмоқда. Енгил саноат, қурилиш материаллари, фармацевтика, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва туризм йўналишларида 850 миллион долларлик 28 та лойиҳа амалга оширилди.

Форумда Наманган вилоятида фаолият юритаётган “Fazman tekstil", "Aisha Home Textile", "Uz Chasis", "Namangan paxta teks", "Lactalis Central Asia", "Xinyuan LLC”, "Iftihor kiyim sanoat", "Chortoq Mineral Water", “Tai chang special steel”, "Art soft tex", "Mexmash" каби йирик саноат корхоналари, кластер ва компаниялар вакиллари ҳам фаол қатнашдилар.

– Ўн беш йил Хитойда яшаганман. Дастлаб ўқидим, кейин ишладим. Президентимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвесторларга кенг йўл очиш борасидаги дадил сиёсати туфайли 2021 йилда Ватанимизга қайтиб келдим, – дейди Наманган металлургия заводи таъсичиси Гулбаҳор Тожимирзаева. – “Наманган” эркин иқтисодий зонасида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда 30 гектар ер майдонида металл маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Tai Chang Special” қўшма корхонасига асос солдик. Умумий қиймати 30 миллион долларга тенг бўлган йирик лойиҳамизнинг биринчи босқичини ишга тушириш натижасида 400 кишини доимий иш билан таъминладик. Биз жойлашган ҳудуд – Чуст туманида конлар кўплиги боис кончилик бўйича янги йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштирдик. Бунинг учун Хитойнинг “Cccp United Co LTD” компанияси билан биргаликда 50 миллион долларлик сармоя киритишни режалаштирганмиз.

Халқаро анжуманда Наманган вилояти ҳақида хитой тилида суратга олинган махсус видеоролик намойиш этилди. “Наманган” ва “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зоналари ҳамда шаҳар, туманларда барпо қилинган 72 та кичик саноат зонаси ҳамда вилоятда ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотлар, экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Наманган вилоятига инвестиция киритган “Hua Cheng Group” хорижий корхонаси раҳбари Чен Хинг Фу, “Uychi Chemical Steel” қўшма корхонаси раҳбари Хан Жиан Пин Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун кафолатланган қулай инвестицион муҳит шакллангани, мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан ошиғини ёшлар ташкил этаётгани, қолаверса, тинчлик ва барқарорлик ҳукм сураётганини эътироф этишди.

Ишбилармонлик тадбирлари давомида Хитой Халқ Республикасининг йирик ва дунёга машҳур бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Форум якунида Наманган вилояти ҳокими, шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда хитойлик ҳамкорлар ўртасида келишув ва меморандумларни имзолаш жараёни бўлиб ўтди. Унинг натижаларига мувофиқ, ўттизга яқин истиқболли лойиҳани амалга оширишга қаратилган, умумий қиймати 1 миллиард долларга яқин инвестиция шартномалари имзоланди.

Анжуман иштирокчилари форумнинг иккинчи кунида “Янги Наманган” шаҳарчаси қурилиши доирасида амалга оширилаётган ишлар, “Юксалиш” массивида жойлашган кичик саноат зонаси ҳамда “Наманган” эркин иқтисодий зонасида "Iftihor kiyim sanoat” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган йирик текстиль корхонаси билан яқиндан танишдилар.

Киритилди: 19:46 19.04.2024. Ўқилди: 1424 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!