“Гарчи касалланишнинг илк ҳолатлари Уханда кўзга ташланган бўлса-да, бу биринчи манба айнан у ерда эканини англатмайди”, деб ёзмоқда АҚШнинг Nature Medicine илмий журнали.
Мазкур илмий мақола муаллифларидан бири Роберт Гери, кўпчилик сунъий равишда пайдо қилинган деб ҳисоблаётган янги коронавируснинг келиб чиқишини чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Олимлар уни инсонлар яратган деган фикрдан йироқ. Уларнинг фикрича, янги коронавирус кўршапалакларга тегишли бўлиши мумкин. Улар вирус кўршапалакларда аниқланган вирусга 96 фоизга ўхшашлиги ва нега бу қадар юқумли эканига ойдинлик киритадиган мутацион жараёнларни аниқлашди.
Маълум бўлишича, айнан сиртқи оқсилларнинг мутацияга учраши унинг инсон ҳужайрасига юқишига имкон берган ва пандемияни келтириб чиқарган.
Шунингдек, Герининг фикрича, коронавируснинг айнан Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида учрагани муҳим эмас. “Бизнинг таҳлилларимиз ва бошқа анализлар янги коронавируснинг анча илгари пайдо бўлганини ва биринчи манба айнан Уханда деган қараш нотўғри эканини, яъни у ерда пайдо бўлмаганини кўрсатмоқда”, дейди у.