Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам неча марта умра қилганлар?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам неча марта умра қилганлар?

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анасдан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча марта ҳаж қилганлар?» деб сўрадим. «Бир марта. Тўрт марта умра қилганлар. Ҳаммаси Зулқаъдада. Аммо ҳажлари ундай эмас. Ҳудайбиядан (ёки Ҳудайбия замонидаги) қилинган умра Зулқаъдада. Ундан кейинги йилдаги умра Зулқаъдада. Жаъронадан, Ҳунайн ўлжаларини тақсим қилган жойларидан қилинган умра ҳам Зулқаъдада. Ва ҳажлари билан бирга қилинган умра», деди».

Учовлари ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломда ҳаж фарз бўлганидан кейин бир марта видолашув ҳажини адо этганлар. Аммо ҳаж фарз бўлмасидан аввал Маккада бўлган чоғларида икки марта ҳаж қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олтинчи ҳижрий санада саҳобалар билан умра ниятида келганларида мушриклар Ҳудайбияда уларнинг йўлларини тўсганлар. У зот ва саҳобалар ўша ерда қурбонлик сўйиб, соч олдириб, эҳромдан чиқиб, қайтганлар.

Еттинчи ҳижрий санада мушриклар билан тузилган шартномага биноан, у зот саҳобалари билан қазо умра қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотида қўлга олинган ўлжаларни тақсимлаб бўлганларидан сўнг Жаърона деган жойдан эҳром боғлаб, яна бир бор умра қилганлар.

Видолашув ҳажида эса ҳажга қўшиб, умра ҳам қилганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

 

Киритилди: 07:00 18.08.2019. Ўқилди: 14614 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!