Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар Истанбулда бошланди . Бу ҳақда Туркия телевиденияси кўрсатувидан келиб чиқади.
Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазирлигидаги манбалар музокаралар Туркия иштирокида бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эди. Бироқ ўшанда Туркия вакили табрик сўзларидан сўнг музокараларни тарк этиши ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Музокаралар Истанбулдаги Долмабаҳче саройида бўлиб ўтмоқда. The Wall Street Journal хабар беришича, Украина делегацияси Россия билан фақат 30 кунлик сулҳни муҳокама қилмоқчи. Россия Ташқи ишлар вазирлиги музокаралардан мақсад “можаронинг асосий сабабларини бартараф этиш ва узоқ муддатли, мустаҳкам тинчлик ўрнатиш” эканини таъкидлади.
Россия делегацияси таркибида президент ёрдамчиси Владимир Мединский, ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, армия Бош штаби бош бошқармаси бошлиғи Игор Костюков ва мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин бор эди.
Украина президенти Владимир Зеленский Украина делегациясига мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилишини айтди.
Россия ва Украина 2022-йилдан бери илк бор тўғридан-тўғри музокараларини ўтказмоқда.Уруш бошида томонлар Истанбулда учрашган, бироқ 2022-йил баҳорида учрашувлар тўхтаган. Россия президенти Владимир Путин 2025-йилнинг май ойида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни таклиф қилди.Украина президенти Владимир Зеленский Путин билан Туркияда шахсан учрашишга тайёрлигини айтди, бироқ Россия президенти музокараларда қатнашмади.