Ливерпуль футбол жамоасининг мисрлик юлдузи Муҳаммад Салоҳ гол уриш ва кубоклар ютишдан бошқа ишларни ҳам амалга оширади. У нафақат футболда, балки ҳайрия ишларида ҳам етакчилардан бири ҳисобланади. Бундай ишларнинг сўнгги кўриниши Салоҳ ўзи вояга етган Мисрнинг Нажриж ҳудудига тез тиббий ёрдам марказини қуриб бериши бўлди.
600 000 Миср фунди (37 200 АҚШ доллари) миқдоридаги маблағга қуриб битказилган ушбу марказ мазкур қишлоқда яшовчи 30 минг кишига хизмат қилади. Унинг очилиш маросими шу ҳафтада бўлиб ўтди ва унда Салоҳнинг отаси Ҳожи Салоҳ Ғолий ҳам иштирок этди.
Футболда суперюлдуз даражасигача чиққан бўласада, Муҳаммад Салоҳ ўзининг туғилиб ўсган жойларини эсдан чиқариб қўймайди.
Фойдаланишга топширилган янги тиббиёт маркази Салоҳнинг кўплаб амалга оширган хайрия ишларидан биригина холос.
Мисол учун, Нагригда қизлар мактабга бориш учун узоқ масофаларни босиб ўтишларига тўғри келарди. Шунинг учун Салоҳ 2018 йилда ушбу қишлоқда қизлар учун мактаб қуришни молиялаштирди.
У, шунингдек, Нагриг қишлоғида жойлашган Ғарбия провинцияси учун ер сотиб олиб берди. Энди провинция бу ерни сувни қайта тозалаш заводи қуриш учун ишлатади ва бу ерда тоза сув муаммоси ҳал бўлади.
Бундан олдин Ливерпул ҳужумчиси ўз қишлоғи учун тиббий жиҳозлар тақдим этган ва бу ердаги муҳтож одамларга ёрдам бериш учун хайрия фондини ташкил қилганди.
Салоҳ ўзи таҳсил олган эски мактабига футбол майдони ва спорт зали қуришга ҳам кўмаклашди. Энди бу мактабдаги болалар спорт билан шуғулланишлари ва соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшашларига шароит яратилди.
Салоҳ нафақат ўзининг туғилиб ўсган жойига, балки Мисрнинг бошқа ҳудудларига ҳам молиявий ёрдам беради. У 2016 йилда «Tahya Masr Fund» фондига 5 миллион Миср фунди, 2019 йилда эса Миллий силга қарши кураш институтига 50 миллион Миср фунди миқдоридаги маблағни хайрия қилган.
Салоҳ қўли очиқ инсон бўлгани учун уни “бахт яратувчи” деб ҳам аташади. Салоҳнинг футбол майдонидаги ҳаракатлари бошқаларни қанчалик руҳлантирса, унинг майдон ташқарисидаги ишлари ҳам шунчалик муҳим аҳамиятга эгадир.