27 ёшли мисрлик машҳур футболчи, ҳозирда "Ливерпуль" клубининг ўйинчиси ҳисобланган Муҳаммад Салоҳ ўзининг туғилиб ўсган қишлоғи аҳолисига бир тонна озиқ-овқат ва тиббий ниқоблар совға қилди.
Футболчининг отаси Галининг сўзларига кўра, ўғли барча қишлоқ аҳолисига саломатлик тилаб, уларни катта йиғилишлардан қочишга ва карантин талабларига риоя қилишга чақирмоқда. Унинг қўшимча қилишича, шаҳар ободонлаштирилиб, аҳолига тиббий ниқоблар тарқатилган.
Гали яқинда иккита қорамол сўйилиши, гўшт қишлоқ ва қўшни шаҳар аҳолисига тарқатилишини қўшимча қилди.