Мўғулистон ҳудудида бошланган дашт ёнғини Хитой чегараси томон тарқалмоқда. Оловнинг мамлакат ҳудудига ўтишига йўл қўймаслик учун Хитойнинг шимолига 2 мингдан ортиқ киши сафарбар этилди, деб хабар беради Синьхуа.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ёнғин Мўғулистон ҳудудида бошланган ва Хитойнинг Ички Мўғулистон автоном райони билан чегарадош ҳудуд томон силжиб бормоқда.
Шу муносабат билан Хитой томони чегарага яқин ҳудудларда ёнғин тарқалишининг олдини олиш чораларини кучайтирди.
“11 октябрда соат 21:00 ҳолатига кўра, ёнғин Хитой ҳудудига ўтмаган. Айни пайтда оловнинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича ишлар давом этмоқда”, - деб хабар берди маҳаллий ҳокимият вакиллари.
Ёнғинни жиловлаш чораларига 2 мингдан ортиқ киши жалб этилган.
Ҳозирча ёнғин қамраб олган ҳудуд майдони ва унинг келиб чиқиш сабаби ҳақида аниқ маълумот эълон қилинмаган.