Мудофаа вазирига яна бир вазифа юкланди: энди у Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясини ҳам бошқаради.
Бу ҳақда бугун, 23 декабрь куни Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг навбатдан ташқари конференциясида маълум қилинди.
Йиғилишда, жумладан, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур инфратузилма ва қулай шарт-шароитлар яратиш, ўқ отиш спорт турини юртимизда янада ривожлантириш ҳамда мамлакат спортчиларининг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирокини таъминлаш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири эканлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, кун тартибига мувофиқ, федерация томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди, сўнгра Ўқ отиш спорти федерацияси раиси лавозимига мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов номзоди таклиф этилиб, йиғилиш делегатлари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишда янги сайланган федерация раиси мажлис иштирокчиларини мамлакатда ўқ отиш спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш йўлида келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси билан таништирди.