Ижтимоий тармоқларда диний олим ва блогер – “Azon Global” ахборот таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад қидурвга берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ мазкур хабарларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди.
Унинг билдиришича, Алишер Аҳмадович Турсунов (тахаллуси “Мубашшир Аҳмад”) Жиноят кодексининг 2442-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг август ойида таъсисчиси Мубашшир Аҳмад бўлган "Azon.uz" сайти ўз фаолиятини тўхтатганди. Шундан сўнг, Алишер Турсунов Туркияга кетиб, ўша ерда “Azon Global” порталида ишини давом эттираётган эди. 2023 йилнинг 28 декабрь куни эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Мубашшир Аҳмад Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилиб, Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирилгани маълум бўлди. Кейинроқ, 2024 йил 21 февраль куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Мубашшир Аҳмад депортация марказидан оиласи бағрига қайтганини хабар қилган.