Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Мирзиёев маҳалла фаолига: "Ҳозир сиз айтган кўрсатув бўйича топшириқ берсам, дарров ўша лойиҳани ёпиб юборишади"

Мирзиёев маҳалла фаолига: "Ҳозир сиз айтган кўрсатув бўйича топшириқ берсам, дарров ўша лойиҳани ёпиб юборишади"

Ўзбекистон телеканалларидаги турли енгил-елпи, савиясиз дастур ва кўрсатувлар — бугунги ўтиш даврининг бир маҳсулоти. Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Юнусобод тумани фаоллари билан учрашувда шундай фикр билдирди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Учрашувда тумандаги маҳаллалардан бирининг фаоли сўзга чиққан ва хусусий телеканалларда намойиш этилаётган бир дастурда қизлар ўзини йигитларга тавсия қилиши кўрсатилаётганини айтиб, президентга ушбу кўрсатувни тўхтатиш таклифи билан мурожаат қилган.

«Телеканаллардаги кўрсатувларнинг кўпини оила даврасида кўра олмайсиз. Ёшларнинг савияси, маънавиятини оширадиган лойиҳалар кам, аксарият кўрсатувлар ошпазлик, қайнона-келин мавзусидаги шоулар. Қайсидир хусусий телеканалдаги бир кўрсатувда қизлар ўзини йигитларга тавсия этади, йигитлар эса уларни томоша қилиб, якунда бу қизларга совчи юбориши ёки жўнатмаслигини айтади. Бу менталитетимизга умуман тўғри келмайди. Фикрларим инобатга олиниб, қандайдир ўзгаришлар кузатилса, халқимиз маънавияти, ёшлар тарбиясига катта фойда бўларди, деб ўйлайман», — деб фикр билдирган маҳалла фаоли.

Шавкат Мирзиёев мазкур таклифга муносабат билдираркан, бугун енгил-елпи кўрсатувларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида эмас, балки уларнинг савиясини ошириш ҳақида ўйлаш муҳимроқ эканини қайд этди.

Мен ҳар сафар чиқишларимда айтаман — биз 20 йил билимга эътибор бермадик. Агар 20 йил ичида мактабда кўпроқ маънавият, тарбия бўлганида эди, бугунги ҳаётимиз янада ривожланган бўларди. Бизнинг буюк боболаримиз бўлган-ку, улар дунёни тебратган-ку. Лекин биз аждодларимизга муносиб авлод табриялаш учун катта эътибор қаратмадик.

Ўйлаб кўринглар, бизда авваллари хусусий телеканаллар бу даражада кўп эмас эди ва уларга бугунгидек эркинлик берилмаган. Бошқа давлатларда хусусий телеканаллар 60, 100 йилдан бери бор. Ўзим ҳам ҳар куни кечқурун давлат телеканалларигача кўриб бораман. Айрим бошловчиларнинг берган саволи ёки қўшиқлардаги маъно-мазмун умуман мантиққа тўғри келмайди.

Мана, ҳозир сиз айтган кўрсатув бўйича топшириқ берсам, дарров ўша лойиҳани ёпиб юборишади. Аммо бу цензура дея баҳоланмайдими, очиқлик ва сўз эркинлиги бўйича қилаётган ислоҳотларимизга ўзимиз қарши чиққан бўлиб қолмаймизми? Савиясиз деб ёпиб юборган кўрсатувларимизнинг ўрнига қандай лойиҳалар яратилади, уларни бошловчи сифатида кимлар олиб боради?

Ўйлайманки, бу каби лойиҳалар ҳам бугунги ўтиш даврининг бир маҳсулоти. Одамларимиз энди эмин-эркин яшашга ўрганяпти. Биз енгил-елпи кўрсатувларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида эмас, балки савиясини ошириш ҳақида ўйлашимиз лозим.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти

Киритилди: 09:46 19.01.2021. Ўқилди: 5894 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!