Microsoft ўзининг iOS ва iPadOS учун ўз бозорини яратишни режалаштирмоқда, у Apple компанияси Европа Иттифоқининг рақамли бозорлар тўғрисидаги қонуни талабларига риоя қилганда ва санаб ўтилган қурилмалар фойдаланувчиларига учинчи томон манбаларидан дастурий таъминотни юклаб олиш имконини берганида iPhone ва iPad учун ўйинлар ва иловаларни сотади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Microsoft’нинг ўйинлар бўлими раҳбари Фил Спенсернинг сўзларига асосланиб хабар бермоқда.
"Бу стратегиямизнинг муҳим қисми бўлиб, биз бугун фаол ишламоқдамиз. Шу билан бирга, биз ушбу лойиҳани мобил қурилмаларда дастурий таъминотни монетизация қилиш учун кўпроқ имкониятларни кўришни хоҳлайдиган ҳамкорлар билан муҳокама қилмоқдамиз" - деди Спенсер.
Microsoft топ-менежери App Store муқобили айнан қачон ишга туширилишига аниқлик киритмади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу "бир неча йилни" талаб қилмайди.
"Менимча, бу тезроқ содир бўлади", дея қўшимча қилди у.
Bloombergнинг фикрича, Microsoftнинг iOS учун бозорини чиқариш келаси йилнинг бошида бўлиши мумкин. Гап шундаки, Apple 2024 йил 6 мартгача Европа Иттифоқи талабларига жавоб бериши керак.