АҚШ Европа Иттифоқи (ЕИ) билан симметрик тариф келишувини тузишга тайёр эмас.
Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц Берлинда Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёр билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
"Америкаликлар симметрик тариф келишувини тузишга тайёр эмаслиги аниқ. Ўз навбатида биз бозорга тарифларсиз очиқ киришни таклиф қиламиз, чунки биз, европаликлар, очиқ бозорлар барча манфаатдор томонлар, ҳам импорт қилувчилар, ҳам экспорт қилувчилар учун фойдали эканлигига қатъий аминмиз", - дея таъкидлади Германия канцлери.
Мерцнинг сўзларига кўра, томонлар ўртасида тарифлар бўйича музокаралар жуда қизғин кечмоқда. “Европа комиссияси бутун Европа учун музокаралар олиб бормоқда ва бизга бутун Европа учун келишув керак”, — дея хулоса қилди Германия ҳукумати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп 1 августдан бошлаб Европанинг барча экспортига 30 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилган эди, шу билан бирга Европа Иттифоқидан пўлат, алюминий ва автомобилларга жорий қилинган 10 фоизлик божлар қўшилади. Бунга жавобан, Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ушбу тарифлар трансатлантик таъминот занжирларига путур етказишини эълон қилди ва нима бўлишидан қатъи назар, 1 августгача келишувга эришишга чақирди. Савдо сиёсати ва иқтисодий хавфсизлик бўйича Европа комиссари Марош Шефчович Европа Иттифоқи АҚШ божларини бекор қилишга интилишини тасдиқлади, бироқ музокаралар муваффақияцизликка учраган тақдирда жавоб тарифлари жорий этилиши учун йилига 72 миллиард евролик АҚШ экспорт товарлари рўйхатини тайёрлаб қўйган.