Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

"Мендирман Жалолиддин" — Озодбек Назарбеков сериал ижодкорлари билан учрашди (ФОТО)

"Мендирман Жалолиддин" — Озодбек Назарбеков сериал ижодкорлари билан учрашди (ФОТО)

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков айни дамда Туркияда бўлиб турибди.

У Туркияда суратга олинаётган "Мендирман Жалолиддин" сериали ижодкорлари билан учрашди. Бу ҳақда у инстаграмдаги саҳифасида маълум қилди.

"Маданият вазирлиги буюртмасига биноан халқимизнинг мард, жасур ўғлони, миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди ҳақида турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда сериал суратга олинаётгани яхши маълум. Халқимиз интиқлик билан кутаётган ушбу киноасар нафақат туркий дунё аҳли, балки жаҳон киноиндустрияси оламида ҳам эътиборга тушса, туркий халқларнинг бош бўғини бўлган ўзбек номи янада юксалса деган эзгу орзу ортидаги саъй-ҳаракатлар самарасини, бу йўлдаги қизғин ижодий меҳнат жараёнини кузатиш, ўрганиш мақсадида Туркияга ташриф буюрдик. “Мендирман Жалолиддин”сериалининг суратга олиш ишларини кўриб, унда иштирок этаётган актёрларимиз билан суҳбатлашиш асносида улар учун яратилган зарур шарт-шароитлардан кўнгил тўлди. Ҳар икки мамлакат киноижодкорларидан иборат катта жамоа учун ажратилган 50 гектарли павильонда ижодкорлар ўзаро самимий мулоқотда, тажриба алмашишяпти. “Bozdag‘film” раҳбари Меҳмет Боздағ ҳам иштирокчиларнинг иқтидор ва истеъдодини, касб маҳоратини, иштиёқини эътироф этди. У билан мулоқот давомида ушбу фильм туркий халқларнинг тарихи, маданияти, инсоний фазилатларидан сўзловчи кенг қамровли, томошабин диққатини ўзига жалб эта оладиган дурдона асар бўлиши зарурлиги, дунё киноижодкорлари ва томошабинларига ҳам манзур бўлиши кераклиги таъкидланди. Бош қаҳрамон — Жалолиддин Мангуберди образини туркиялик актёр Эмре Кивилжим гавдалантирмоқда. Унга бу борадаги масъулияти ниҳоятда кучли экани, уни гавдалантиришда куч-қувват, чапдастлик, жасоратли бўлиш билан бирга ўта ҳушёрлик, юксак маҳорат талаб этилиши уқтирилди. Сериалда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Тоҳир Саидов, Боир Холмирзаев, Раъно Шодиева, актёрлар Жавоҳир Зокиров, Ж, Акбархўжа Расулов, Акмалжон Мирзаев, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Феруза Норматова, Фарҳод Бадалов, Нурмуҳаммад Ҳусниддинов, Жамшид Сагатов, Яҳё Пўлатовлар ҳам суратга тушмоқда. Уларнинг касбига бўлган масъулияти, иш жараёнидаги фаоллиги, кўтаринки кайфияти бизни хурсанд қилди.

Сериалининг суратга олишда унинг бош маслаҳатчиси Бобохон Муҳаммад Шарифнинг ҳам хизматини алоҳида эътирофга сазовордир. Яна либослар бўйича дизайнерлар Севара Зуннунова ва Шарофат Ҳасанхўжаеваларнинг ҳам ҳиссаси катта. Улар ҳар бир образга мос қилиб либослар тикишди. Бунда, албатта, ўша давр ҳам инобатга олинди. Сериалда мингдан зиёд киши иштирок этяпти.
Ўзбекистон томонидан “Best organiser” МЧЖ ва Туркиянинг “Bozdag‘film” кинокомпанияси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ мазкур тарихий сериалга “Orient Finans Bank” тижорат банки ҳомийлик қилмоқда.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳамкорликдаги ушбу лойиҳага ҳар икки томондан тегишли мутахассислар жалб этилган бўлиб, жараён тўлиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги назорати остида амалга оширилмоқда. Тез орада дастлабки қисмлари монтажланаётган сериал халқимиз ҳукмига ҳавола этилади.
Бизнинг миллий ғуруримиз топташни истайдиганлар ҳам топилади. Уларга қарши туришимиз учун эса Жалолиддин Мангуберди каби қаҳрамонлар жуда керак. Ана шундай миллатимизнинг миллий қаҳрамонларининг ҳаётини тарғиб этишимиз шарт. “Мендирман Жалолиддин” сериали шу мақсадда суратга олиняпти", деб ёзди Озодбек Назарбеков.

"Мендирман Жалолиддин" — Озодбек Назарбеков сериал ижодкорлари билан учрашди (ФОТО)"Мендирман Жалолиддин" — Озодбек Назарбеков сериал ижодкорлари билан учрашди (ФОТО)"Мендирман Жалолиддин" — Озодбек Назарбеков сериал ижодкорлари билан учрашди (ФОТО)

Киритилди: 14:44 10.09.2020. Ўқилди: 5641 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!