Бухорода маст ҳолда машина бошқарган аёл 15 суткага қамалди.
«Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда, спиртли ичимлик таъсири остида транспорт воситасини бошқариш қонун талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бу каби масъулиятсиз ҳаракатлар оғир оқибатларга, жумладан, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин»,-деди ҳолат бўйича «Xabar.uz»га маълум қилган Бухоро вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта инспектори Умиджон Баракаев.
Ғиждувон туманида яшовчи аёл Х.М. томонидан содир этилган ушбу ҳуқуқбузарлик суд муҳокамасида атрофлича кўриб чиқилган. Судда у ўз қилмишини тан олди.
«Дугоналарим билан байрамда йиғилишгандик. Байрам баҳонасида озгина спиртли ичимлик истеъмол қилдим. Мени шу ҳолатда машина бошқарганим учун тўхтатишди. Қилган ишимдан пушаймонман»,-деган у судда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдорга нисбатан қонун доирасида чора кўрилган. Суд қарорига кўра, унга нисбатан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.