Бугун 21 ноябрь, 2019 йил, пайшанба

O'ZB

Масжид имомининг хатоси: итнинг қабрини зиёрат қилиш қутуриш касаллигидан халос қиладими?

Масжид имомининг хатоси: итнинг қабрини зиёрат қилиш қутуриш касаллигидан халос қиладими?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги “Искандархўжа” масжиди имом ноиби Мажидов Муроднинг маърузасидаги Нажмиддин Кубро ҳазратлари билан бўлган ит воқеаси кенг тарқалмоқда. Ундаги улуғ зотнинг назари тушган итнинг қабрини айланган инсон қутуриш касаллигидан халос бўлиши тўғрисидаги ривоят баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари Мажидов Мурод билан мазкур масала юзасидан суҳбат олиб борганда маълум бўлдики, имом-домла мутасаввиф олимлар асарларида келган воқеаларни баён қилиш асносида ит қабрини айланиш масаласини асоссиз маълумотларга таянган ҳолда нотўғри гапни айтиб юборганини эътироф этди.

Ўз навбатида билдириб ўтмоқчимизки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодига кўра, авлиёларнинг кароматлари ҳақ эканига имон келтирамиз.

Бу ҳақда, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобида “Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ва авлиёларга ато этилган кароматлар ҳақ ва ростдир”, дейилган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, инсон хатосини оммага кенг ёйиш ёки турлича талқин қилиш мўминлик сифати эмас. Чин маънода ислоҳ қилишни хоҳлаган одам бировнинг хатосини оммага кўтариб чиқмай, балки ўша одамнинг ўзига айтади. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ “Агар менга ёлғиз ўзим турганимда насиҳат қилсанг, чиндан насиҳат қилган, агар одамлар ичида турганимда насиҳат қилсанг, шарманда қилган бўласан” деганлар.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-домлаларни доимо ҳужжат-далил билан гапиришга ундайди. Зеро, динимизни тарғиб қилишда асоссиз ривоятларга ҳожат йўқ. Шунингдек, Диний идора мана шундай тариқат аҳлининг ботиний ҳикматлари ва кароматларини тушунтиришда жуда ҳам эҳтиёт бўлишга чақиради.

Аллоҳ таборака ва таоло динимиз ривожи йўлида хизмат қилаётган барча ходимларнинг тиллари ва дилларини саҳву хатодан Ўзи асрасин!

Киритилди: 10:55 07.11.2019. Ўқилди: 1660 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!