Марказий банк бошқаруви пайшанба куни асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилишни бир ҳафтага — 24 октябрдан 31 октябрга кўчиришга қарор қилди, деб хабар қилмоқда регулятор матбуот хизмати.
Марказий банк халқаро молия ташкилотлари Ўзбекистоннинг жаҳон ва савдо ҳамкорлари учун янгиланган прогнозлари, шунингдек, мамлакатнинг III чоракдаги макроиқтисодий кўрсаткичлари октябрь ойининг иккинчи ярмида эълон қилинишини таъкидлади.
«Ишлаб чиқилаётган макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларда ушбу янгиланган кўрсаткичлар асос бўлишини инобатга олиб, Марказий банк асосий ставкасини кўриб чиқиш ва пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари концептуал лойиҳасини тасдиқлаш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги таянч йиғилиши 31 октябрида ўтказилиши белгиланди», — дейилади хабарда.
Ўтган ойда Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида қолдирганди. Регуляторнинг қайд этишича, иқтисодиётдаги юқори талаб ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархида кузатилган ўсиш суръатлари пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этган.