Марказий банк 17 январдан бошлаб 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларга қўшимча равишда оғирлиги 100 грамм бўлган олтин қуймани тижорат банклари орқали сотувга чиқаради.
Регулятор буни аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини янада ошириш ҳамда қимматбаҳо металлар муомаласини кенгайтириш мақсадида амалга ошираётганини маълум қилди.
Қайд қилинишича, қуймалар махсус ҳимоя қадоғида сотув учун тақдим этилади. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажариб, серия рақамига эга бўлади. Олтин қуймаларнинг сотиш нархлари ҳар куни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида миллий валютада эълон қилинади. Қадоғи бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида эгасидан қайта сотиб олиниши ҳам мумкин.
Қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экпертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов қилинади.
Қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.
Маълумот ўрнида, Марказий банк томонидан олтин қуймаларнинг 15 январ куни эълон қилинган нархлари қуйидагича:
5 гр – 5 млн 728 минг;
10 гр – 11 млн 457 минг сўм;
20 гр – 22 млн 913 минг сўм;
50 гр – 57 млн 284 минг сўм.