Андижон вилоятининг Асака туманидаги мактаблардан бирини реконструкция қилиб беришни ваъда қилган МЧЖ раҳбари ажратилган пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Қайд этилишича, Асака туманидаги мактаблардан бирини реконструкция ишлари бўйича тузилган шартномага кўра қурилиш масъулияти чекланган жамияти 1 млрд. 82 млн. сўмлик таъмирлаш ишларини бажариб бериши белгиланган. Бироқ, қурилиш ташкилоти раҳбари амалда бажарилмаган ишларни бажарилганлигини кўрсатиб, жами 5 млн. 803 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Судда ўз айбига иқрор бўлган қурувчи зарарни тўлаганлигини билдирган. Шунга мувофиқ, қурувчига суд томонидан 1 млн. 700 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бюро ходимлари томонидан олиб борилган масофавий тушунтириш ишлари натижасида ҳуқуқбузардан жарима пуллари тўлиқ ундирилди.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.