Франция президенти Эммануел Макрон Хитойни Шимолий Кореяга Россияни Украинага қарши урушда қўллаб-қувватлашни тўхтатиш учун таъсир ўтказишга чақирди. “Агар Хитой НАТОнинг Жануби-Шарқий Осиё ёки Осиё ишларига аралашишини истамаса, у КХДРнинг Европа ҳудудига аралашишига йўл қўймаслиги керак”, — деди Макрон Сингапурдаги Шангри-Ла Диалогуе форумида.
Франция раҳбари Россия-Украина уруши бутун дунёга таъсир қилишини таъкидлади. “Россия Европага қарши тажовузкорлиги билан Осиёни беқарорлаштиришни истайди”, деди у.
Кўп томонлама Санкция мониторинги гуруҳи (МСМТ) маълумотларига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Шимолий Корея Россияга 20 мингдан ортиқ контейнер ўқ-дорилар ва 6 миллион артиллерия снарядларини ўтказган. Шунингдек, Россия КХДРга янги ракета яратишда ёрдам кўрсатган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Аввалроқ Москва Шимолий Корея қўшинларининг Украинадаги ҳарбий амалиётларда иштирок этганини тан олиб, уларнинг “юқори профессионаллиги”ни қайд этган эди. Жанубий Корея манбаларига кўра, Пхенян аллақачон Москвага қурол етказиб беришдан 20 миллиард доллардан ортиқ даромад олган.