Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Макрон: Украинага ёрдамни чеклаш янги урушга олиб келиши мумкин

Макрон: Украинага ёрдамни чеклаш янги урушга олиб келиши мумкин

Франция президенти Эммануэль Макрон Украинага кўрсатилаётган ҳарбий ва молиявий ёрдамни чеклашга чақирувчиларни танқид қилди. Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув Украинани адолатсиз тинчликка мажбур қилиши ва узоқ муддатда бутун Европа хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

«Украинага ёрдамни чеклашга чақирувчилар, аслида, уни адолатсиз тинчликка мажбурлашни ва келажакда заифлаштиришни истамоқда. Бу эса бутун Европани ҳам заифлаштиради. Бундай ёндашув мағлубиятчилик руҳиятидир. Бу янги урушга олиб борадиган тўғридан-тўғри йўл», — деб ёзди Макрон X ижтимоий тармоғида.

Франция президентининг маълум қилишича, Украинадаги уруш 12 ноябрь куни бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамиятининг 9-саммити ҳамда 13 ноябрь куни Дублинда ўтказилган Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий саммитидаги асосий муҳокама мавзуси бўлган.

Макроннинг қайд этишича, саммит иштирокчилари Украинага қиш мавсумини енгиб ўтишда ёрдам бериш ва адолатли ҳамда барқарор тинчликка эришиш йўлидаги ҳамкорликни давом эттириш бўйича икки устувор йўналишни келишиб олган.

«Европа бу жараёнда энг фаол иштирок этиши керак, чунки қитъамизнинг хавфсизлиги ҳам айнан шу тинчликка боғлиқ», — дея таъкидлаган Франция президенти.

Киритилди: 08:16 16.11.2026. Ўқилди: 696 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар