АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг ўн биринчи набираси дунёга келди. Уни сиёсатчининг кенжа қизи – Тиффани Трамп дунёга келтирди.
Бу ҳақда Тиффани Трамп ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди. У Instagram'да янги туғилган ўғли билан тушган суратини юракка тегадиган изоҳ билан жойлаштирди.
“Хуш келибсан, азизимиз Александр Трамп-Булус. Биз сени сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада севамиз! Ҳаётимизга келганинг учун раҳмат,” – деб ёзди Тиффани.
Тиффани Трамп – Доналд Трампнинг иккинчи рафиқаси Марла Мейплсдан бўлган ягона фарзанди. У 2019 йилда Майкл Булус билан турмуш қурган. Александр – уларнинг биринчи фарзанди ва Доналд Трампнинг ўн биринчи набираси ҳисобланади. Трампнинг энг катта набираси, Кай Мадисон, жорий йилда 18 ёшга тўлди.
Интернет фойдаланувчилари бу янгиликни ҳазил билан қарши олиб, Трампнинг машҳур сайлов шиорини ўзгартириб, “Make Grandpa Great Again” – яъни “Бобони яна буюк қиламиз” деб табриклар ёзяпти (аслида бу шиорда “Американи буюк қиламиз” – “Make America Great Again” дейилган).