Мажбурий ижро бюроси Бухоро тумани бўлими ходимлари ғайриодатий жиноятни фош этдилар.
Бюро ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан жисмоний ва юридик шахслар томонидан электр энергиядан фойдаланишининг қонунийлиги ҳамда тўлов интизомига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказди.
Бухоро туман “Сўфикоргар” маҳалласида яшовчи “Бухоро Нефтебаза” МЧЖда оператор вазифасида ишловчи Дилшод Ражабовнинг яшаб турган хонадони текширилди. Хонадонда ўрнатилган СЕ-101 русумли электр ҳисоблагичнинг ичида масофадан туриб бошқариш, яъни фойдаланилган электр энергиясини камайтириб кўрсатиш мақсадида пульт орқали ҳисоблагични ўчириб ёқиш мосламасини ўрнатилгани аниқланди. Фуқаро узоқ вақт мобайнида электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб келган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Бюронинг Бухоро тумани бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Manba: ЎзА