Бугун 16 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Лўлилар томонидан ўғирланган болакайнинг 20 йиллик изтироблари

A A A
Лўлилар томонидан ўғирланган болакайнинг 20 йиллик изтироблари

Уйда бола тўполон қилса, «Ҳозир лўлига бериб юбораман, халтасига солиб олиб кетади сени!» деб дағдаға қилмаган одам топилмаса керак. Буни шунчаки бир қўрқитиш деб ҳисоблайдиганлар қаттиқ янглишишади. Чунки худди шундай ҳодиса ҳаётда ҳам содир бўлган экан.

Кичкина, сариқ сочли болакай дўкон ёнида ичкарига, сутга кириб кетган бувисининг қайтиб чиқишини кутиб турганди. Тўсатдан орқа томондан бир аёлнинг жарангдор овози эшитилди:

— Болакай, шоколад ейсанми?

Уч ёшли Дима ортига ўгирилиб қаради. Гулдор юбка кийиб олган бир аёл унга плиткали шоколад тутиб турганди. Бечора гўдак хурсанд бўлиб, ширинликка интилди. Шу пайт лўли аёл уни қўлидан қаттиқ ушлаб, ён тарафдаги кўчага олиб кириб кетди.

Лўли аёлнинг кирдикорлари

Нотаниш аёллар Димани шовқин-суронли, исқирт бир уйга олиб келишди. Атрофда конфет қоғозлари сочилиб ётар, аёллар унга бегона тилда уришишар, болалар чинқирарди. Дима лабидаги шоколад юқини артиб ташлаб, тўқ қорнини силаганча уйига қайтиб кетмоқчи бўлди. Бироқ бу фикри хомхаёл эканлигини у ҳали билмасди.

— Қаерга отландинг? — лўли аёл ярим йўлда болани тутиб олди. — Ҳозирча биз билан яшаб турасан. Кел, сени кийинтириб қўямиз. Чиройли шубангни ечгин-чи.

Боланинг уйида бу вақтда ҳақиқий талотўп бошланганди. Диманинг бувиси магазиндан чиқиб, неварасини топа олмагач, дарҳол уйга етиб келди. Балки, бола онасини соғиниб, унинг ёнига қайтиб кетгиси келгандир. Бироқ бола у ерда ҳам эмасди. Қўрқиб кетган она ва буви дарҳол полицияга мурожаат қилишди. Бир неча соатдан сўнг бутун шаҳарда Диманинг суратлари пайдо бўлди. Полиция бутун уй ва чордоқларни синчиклаб текшириб чиқди. Бироқ болакай изсиз ғойиб бўлганди.

Мени полиция излаётганини яхши билардим, — эслайди ҳозирда 30 ёшли бўлган Дмитрий Крилов. — Улар ҳатто мени ушлаб туришган уйга ҳам келишган. Ҳовлида шовқин-сурон овозлари эшитилгач, лўли аёл оғзимга латта тиқиб, жим ўтиришимни тайинлади. Шунчалик қўрқиб кетган эдимки, овозимни чиқармадим. Полиция лўлиларнинг итини отиб ташлаб, бутун уйни қидириб чиқди, бироқ мени топа олмади.

“Лўлилар мени қўрқитиб, уришарди...”

Қидирувдан сўнг лўли аёллар ўта эҳтиёткор бўлиб қолишди. Болани ҳовлидан ташқарига чиқармай қўйишди — байрам кунлари уни қўшни ҳовлига телевизор кўргани чиқаришарди, холос. Бироқ у билан кўчага тиланчилик қилишга қўрқишди, чунки ҳар бир шаҳар аҳолиси қидирилаётган болани таниб олганди.

— Тиланчиликка фақат ўзлари боришарди, — гапириб беради Дмитрий. — мени эса турмушидан қайтиб келган бир лўли аёл билан қолдиришган — у боласини кўкрак сути билан эмизиб, уйда ўтирар, мени ўлгудек ёмон кўрарди. Гоҳ бошимга мушт тушириб қолса, гоҳ ботинкамни ёқиб юбориб, кулда юришга мажбур қилган. Бир куни чидай олмай, қочишга ҳаракат қилганман. Бироқ битта оёқ кийимда узоққа кета олмасдим, шу боис дарҳол ортимга қайтдим.

Орадан уч йил ўтди. Кечқурунлари Дима доим йиғлаб чиқарди. Онаси, бувиси, ака ва опасини қаттиқ соғинган. Кундузлари уй ишларига ёрдам бериб, катта «опа»сининг турткилашларига чидади. Навбатдаги калтаклашдан кейин у чидай олмади ва пайт пойлаб, кўчага отилди.

Мен кўчага чиққан заҳоти биринчи учраган оломонга қўшилиб кетдим, — деб эслайди Дима. — Бироздан сўнг улар ҳар томонга тарқалиб кетгач, бир ўзим қаерга боришни билмай қолдим. Шу пайт мени бир рус аёли кўриб қолди. Ўша пайтда мен яхшилаб ўрганиб олганим лўлилар тилида унга бошқа жойда яшашимни чуғурлаётган эдим. У дарҳол ҳаммасига тушуниб етди. Сариқ сочли, ғирт рус болакай рус ва лўлилар тилида: «Уйга кетаман! Қочиб кетдим деб турса... У дарҳол мени уйига киритиб, турмуш ўртоғи — полиция офицерини чақирди. Мен ҳаммаси тугади, деб ўйлагандим, бироқ, аслида, бошланган экан.

Набираси йўқолишида ўзини айбдор санаган буви

Диманинг онасига у топилганини хабар қилишганида ишонмади. Икки томонлама зарба — ўғлининг йўқолиши ва онасининг ўлими (бувиси набирасининг йўқолишида ўзини айбдор санайверганидан юраги тўхтаб қолган)дан қаттиқ қайғуга тушган аёл ичадиган бўлиб қолди. Уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, тўртта боласини меҳрибонлик уйига бериб юборишди.

Қутулганидан хурсанд бўлиб кетган Димани дастлаб синов сифатида онасига қайтариб беришди. Бироқ синов муваффақиятли кечмади. Димани болалар уйига топширишга мажбур бўлишди. Ўғлини она тез унутиб юборди, фақат бир марта кўрди, холос. Ўшанда Дима болалар уйидан қочиб келганди. Тез орада онаси вафот этди ва собиқ асир бу дунёда якка-ёлғиз қолиб кетди.

Мен опам, акаларим борлигини яхши эслайман, бироқ мени уларнинг ёнига эмас, бошқа болалар уйига жўнатишди, — хўрсинади Дмитрий. — Лўлилар тилини она тилимдан яхши билардим, бироқ ҳеч ким мени масхара қилмаган. Болалар уйида ҳам дўстлар орттирдим. Ҳаётим изга тушди, аммо қариндошларим йўқлиги мени доим қийнаб келган. 18 ёшлигимда болалар уйидан чиқиб, уйландим, ўғлим туғилди. Шундан сўнг ака, опаларимни топишга жиддий қарор қилдим.

Оила аъзолари учрашуви

Дима биринчи галда пул йиғиб, компьютер сотиб олди. Дастурлар билан ишлашни ўрганиб, ижтимоий тармоқлар орқали опа-акаларини қидиришни бошлади. Бироқ қидирув сайтлари ҳеч қандай натижа бермади, бундай номдаги одамлар ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишмаганди. Йигит бутун интернетга қариндошларини қидираётгани хусусида эълон тарқатди ва ҳар ой мунтазам равишда янгилик келган-келмаганини текшириб турди. Бир куни тўсатдан катта акаси 38-ёшли Женянинг исми-шарифига кўзи тушиб қолди. У Қуйи Тагилада хайрия ишлари билан шуғулланар экан. У қийин ўтган болалиги хотираси ҳақи болалар уйидан чиққан йигитларга мунтазам ёрдам бериб турган.

Мен ўйлаб ҳам ўтирмасдан унга хат жўнатдим: «Мен сенинг укангман, мени танияпсанми?»дея эслайди Дима. — Женя дарҳол кимлигимни эслади: қаттиқ қувониб кетганидан ўзига келолмасди. Кейин оиламиз ҳақида гапириб берди. Бизнинг яна бир акамиз бўларди — Витя, бироқ у қазо қилибди. Мен бундан қаттиқ қайғуга тушдим. Ахир биз жуда қадрдон эдик: акаларим менга болалар уйидан овқатлар олиб келишар, велосипедда учишни ўргатишганди. Эртаси куниёқ биз Женя билан учрашдик. Қуоқлашиб, роса қувонишдик, бироқ йиғламадик. Ахир биз эркаклармиз-ку!

Шундан сўнг ака-укалар эгизак ука-сингилларини излашга қаттиқ киришишди. Меҳрибонлик уйига мурожаат қилишганди, уларни асраб олишганини айтишди. Қолган маълумотларни ошкор этишни исташмади.

Алабама штатидан топилган эгизаклар

Ака-укалар шундан сўнг интернетга бошлари билан шўнғиб кетишди. Арзимаган ҳалқани ҳам эринмай текширишди. Бироқ эгизаклар ер ютгандек йўқолганди.

— Кунларнинг бирида менга бир нотаниш аёл ёзиб қолди, — кулади Дима. — Мендан ука-синглимни излаётганим ҳақида суриштирди. Айтишича, улар ҳам Женя иккаламизни ҳамма ердан қидиришаётган экан. Уларнинг ҳозирги исми — Брена ҳамда Шон бўлиб, уларни асраб олгач, Америкага олиб кетишган экан! Ҳозирда улар Алабама штатида туришаркан. Шу пайтгача уларни топа олмаганимиз сабаби энди тушунарли, ахир биз рус исмлари билан қидираётгандик-да.

Дима Женя билан биргалашиб қариндошлари билан алоқага чиқишди. Дастлабки дақиқалардаёқ уларнинг бир оила эканлиги маълум бўлди. Укалари ҳам уларни Россиядан кўп қидирган, бироқ изларини топа олишмаганди. Эгизаклар ҳатто ватанларига қайтиб кетишни ҳам ўйлаб қолишган: америкалик ота-оналари уларни қаттиққўллик билан тарбиялашган, вақти-вақти билан уриб туришган экан. Бироқ уларнинг ёши ўшанда 16 да бўлгани учун ҳеч ким уларни қўйиб юбормаган. Шон ва Брена, аниқроғи, Надя ва Вованинг ёши ҳозир 25да. Бироқ улар Қуйи Тагилга қайтиб келиш умидидалар.

— Мулоқот қилишга қийналдик, чунки биз инглиз тилини билмасдик, улар эса рус тилини, — кулади Дмитрий. — Бироқ биз бир оила фарзанди эканлигимизни ҳис қиламиз ва, албатта, учрашамиз. Яқин кунлар ичида улар ватанига қайтиб кетмоқчи. Биз учрашувни интиқлик билан кутмоқдамиз!

 

Киритилди: 01:59 26.05.2018. Ўқилди: 4483 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!