Қайд этилганидек, Ал-Хоразмий алгебрани фан сифатида шакллантирди ва уни бир тизимга солди. Унинг асарлари араб тилидан лотин тилига, кейин эса Европа тилларига таржима қилинган. Улар асосида математика дарсликлари яратилди. Ал-Хоразмий асарлари Уйғониш даврида илм-фан ривожида муҳим роль ўйнаб, Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ўрта асрлар илмий тафаккурининг ривожланишига самарали таъсир кўрсатди.
Буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмий VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган. Ал-Хоразмий математика, астрономия, география ва тарих фанларини чуқур ўрганган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан фанда "алгоритм" ва "алгебра" атамалари пайдо бўлди.
"Ал-Хоразмий 809 йилда Хоразмшоҳ саройида хизмат қилган, 819 йилда эса халифа Ал-Маъмун Хоразмийни Бағдоддаги саройига жалб қилган. Бағдодда ал-Маъмун отаси томонидан асос солинган илмий марказ — "Байт ул-ҳикма" ("Донишмандлар уйи") фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштиради. Кейинчалик ушбу таълим муассасасига "Маъмун академияси" номи берилади", – дейилади мақолада.
Қайд этилишича, "Донишмандлар уйи"да фаолият юритган олимлар математика, астрономия ва бошқа фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган. Масалан, антик даврда топилган Ер айланасининг ўлчамини аниқлаштириш учун улар меридиан даражасининг узунлигини ўлчадилар. Ҳақиқийга (111 км) яқин бўлган 1° ёй қиймати топилди, уни ўлчашда Ал-Хоразмий ҳам қатнашган.
"Ал-Хоразмийнинг турли илмий изланишлари математика, назарий ва амалий астрономия, география ва тарихга тегишли эди. Олим қаламига мансуб 20 дан ортиқ асарларнинг фақат 7 таси бизгача етиб келган", – деб ёзган "London Post".