Ўшанда 8 ёшда эдим. Қайсидир газетадан (қайси эканлиги аниқ эсимда эмас) «Ливерпуль» ва «Алавес»нинг Европа лигаси финалидаги голлар шоуси ҳақида ўқиб қолдим. У пайтлар биз ўзимиз қўлда тўп ясаб, кўчада футбол ўйнардик. Жуда қойиллатиб қўймаганман футбол ўйнашни. Лекин оқ қора тасвирли эски телевизорда футбол кўришни сабрсизлик билан кутардик. Кўпинча электр токидаги узилишлар сабабли ўйинларни ўтказиб юборардик. Натижасини эса ҳар кунлик информацион дастурлардан эшитар эдик. Ўша давр юлдузларининг ўйинларидан баҳраманд бўлишимизга қишлоқнинг кечалари электр токисиз қоронғу зулматда қолиши тўсқинлик қилган. Баъзан машинанинг аккумуляторига уланадиган “Jinlipu” телевизор ёрдамга келарди. Бу ҳам асосан финал учрашувларида ёки миллий терма жамоа ўйинларида бўларди. Афсуски бу футболга яқинлашишга камлик қиларди. Чунки финалда ўйнаётган жамоа қандай қилиб бу босқичга келиб қолганинию, унинг таркибида кимлар борлигини кўпчилигимиз билмас эдик. “Оқлар” яхши ўйнар экан, шунга мухлислик қиламиз дердик, “қоралар” ҳам қолишмас эди. Натижа у қадар муҳим эмасди. Миллий терма жамоанинг ютқазиб қўявериши эса 35-40 та (ҳаммада ҳам аккумуляторга улаб телевизор имкони бўлмаганидан қўшнилар ҳам йиғилар эди) қоракўзнинг ҳафсаласини пир қиларди.
Шундай тартибда биз яна бир финални кўрдик, Истанбул финалини. Ундан кейин юзлаб даҳшатли ўйинлар бўлиб ўтса-да, ўз машҳурлигини йўқотмаган финал. Шундан бери «Ливерпуль»ни танийман, юракдан ҳис қиламан, мағлубиятини бир неча кун эсдан чиқара олмай юраман. Севгининг бир тури бўлган мухлислик касалига чалинганмиз. Биз мухлислик қила бошлаган даврда Стивен Жеррард навқирон ёшда эди. Унинг ўйинларини ярим тунда ҳам мудроқ босиб кўришнинг иложи йўқ эди. Дарвоза томон йўлланган зарбалари уйқингизга қўшиб дарвозабоннинг хушини ҳам учириб юборар эди. Афсус, у Англия чемпионлигини қўлга кирита олмади. 2014 йилда ўзига қўшилиб миллионлаб мухлислари кўз ёши билан қолиб кетди.
Топганимиздан йўқотганларимиз кўпроқ!
Бу йил «Ливерпуль» Англия чемпионига айланди. Россиялик машҳур шарҳловчи ва журналист Василий Уткин ютубдаги каналида «Ливерпуль» мухлисларига бағишлаб ўзига хос видео жойлаштирди. Унинг мазмуни «Ливерпуль» мухлислари нимани топиб, нимани йўқотганликлари ҳақида эди. «Ливерпуль»нинг чемпион бўлишида Юрген Клопп, футболчилар, мухлислар, клуб шифокорлари, умуман, кўпчиликнинг ҳиссаси бор. Бунга тўхталиб ўтиришнинг хожати йўқ. Зеро улар туфайли бугун биз мухлисларнинг топганимиздан йўқотганимиз кўпроқ.
Василий Уткин ўз нутқида Юрген Клопп оддий мураббий экани, фавқулодда ажралиб турадиган жиҳатлари йўқлиги, шунчаки ўз ишинг устаси эканини такидлаб ўтди. Энг ачинарлиси Уткин бизга аччиқ ҳақиқатни эслатди. Қуйида унинг сўзларини айнан келтириб ўтамиз.
“Ҳа, «Ливерпуль» мухлислари, шу кунгача сизлар ўзига хос, ўхшаши йўқ эдинглар. Сизларда драма, ҳикоя бор эди. Сизларда ҳис-туйғу бор эди ўзгача. Шунақа асабий ҳолатки, шунча йиллардан бери нимадир етишмас, ҳатто Чемпионлар Лигасидаги ғалабалар ҳам таскин бермасди. Балки нега шундай экан, деб бошларингни деворга ургандирсизлар? Балки, ўша 1985 йилдаги «Эйзел» фожиаси учун қандайдир қарғиш теккану ҳеч қачон содир бўлмайдиган орзудек тушкунликда ҳам бўлгандирсизлар?
Энди эса... Энди «Ливерпуль»да яна чемпионлик бор. «Ливерпуль» мухлислари, сизлар ҳам бизга ўхшаб қолдинглар. Ҳамма қатори бўлиб қолдинглар. Ўзларингга хос эдинглар, ўхшашларинг йўқ эди, сизларда драма бор эди...
Энди эса, худди Лев Толстой «Бахтли оилаларнинг барчаси бир-бирига ўхшайди...» деганидек, бошқаларга ўхшайсизлар. Шу билан бахт туйинглар. Энди сизлар ҳам оддийсизлар. Худди мураббийларинг Юрген Клопп каби”.
«Ливерпуль» ўзига хос бўлганлиги боис унинг ғалабали мавсуми ҳам ўзига хос бўлди, 30 йил кутган, кутиб сабри етмай бу ишни авлодларига қолдириб кетган мухлислар суюклисининг чемпионлик кубогини боши узра баланд кўтаришида муҳташам «Eнфилд»да тўплана олмадилар. Бу ҳам “энди аввалгидек эмассизлар” дегандек гўё. Василий Уткин қанчалар ҳақ эканини биз ҳам англаб етдик. Жорий мавсум чемпионликка бир қадам қолгунча орзуқиб куттик, худди аввалгидек ўзига хос мухлис бўлиб куттик. Лекин энди ундай эмас, клуб чемпионга айлангач бизда кутадиган нарсанинг ўзи қолмади. Бизга куладиган рақиблар энди топилмаслиги, тиш-тирноғигача қаршилик кўрсатиб, «Ливерпуль» чемпион бўлишини истамайдиганлар энди йўқ. Чунки энди бундан фойда йўқ.
Шамсинур АХТАМОВ