Ливан парламенти армия бошлиғи Жозеф Аунни давлат раҳбари этиб сайлади, деб ёзди “Al-Arabiya” телеканали.
Мамлакат ҳокимияти тизимида президентлик лавозими 2022 йил октябрда Мишель Ауннинг ваколати тугагандан бери бўш эди, чунки фракциялар 128 ўринли парламентда етарли овоз тўплашга қодир номзод масаласида келиша олмаган.
Спикер Набиҳ Беррининг сўзларига кўра, Жозеф биринчи турда ғалаба учун зарур бўлган 86 овозн йиға олмади. Иккинчи турда “Ҳизбуллоҳ” ва унинг шиа иттифоқчиси – “Амал” ҳаракати қонунчилари уни қўллаб-қувватлагач, 99 овоз билан белгиланган чегарадан ўтди.
Ауннинг сайланиши Мишель лавозимини тарк этгандан кейин на давлат раҳбари, на тўлиқ ваколатли Вазирлар Маҳкамаси шаклланмаган мамлакатда давлат институтларини тиклаш йўлидаги биринчи қадамдир.
Иқтисодиёти 2019 йилдаги вайронкор молиявий инқироздан ҳанузгача сезиларли ривожланмаган Ливан, Жаҳон банки ҳисоб-китобича, мамлакатга 8,5 миллиард долларга тушган урушдан тикланиш учун халқаро ёрдамга жуда муҳтож.
Ҳукумат тизими янги Президентдан янги Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш учун сунний Бош вазир тайинлаш учун қонунчилар билан маслаҳатлашишини талаб қилади. Бу жараён кўпинча фракциялар вазирлар ўрнини алмашиши билан чўзилиб кетади.
Жозеф Аун ноябрда Вашингтон ва Париж воситачилигида “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувини мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатди. Энди Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” кучлари олиб чиқиб кетилаётгани сабабли, мамлакат жанубига Ливан ҳарбийлари жойлаштирилади.
60 ёшли Аун 2017 йилдан буён АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Ливан армиясига қўмондонлик қилиб келади. Унинг раҳбарлигида мамлакат ҳарбийларига мунтазам равишда Америка ёрдами етиб келмоқда. Бу “Ҳизбуллоҳ” таъсирини чеклаш ва давлат институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўп йиллик сиёсатнинг бир қисмидир.