Литва энергетика соҳасига инвестицияларни ҳимоя қилишга қаратилган халқаро шартнома – Энергетика хартияси шартномасидан чиқишга қарор қилди, деб хабар беради Anadolu агентлиги.
LETA тарқатган маълумотларга кўра, қарор мамлакат парламенти Сейм томонидан маъқулланган. 99 депутат “маъқул” дея овоз берди, ҳеч ким қарши овоз бермади, икки нафар депутат бетараф қолди.
Литва Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, шартномада иштирок этиш ҳозирги вазиятда, айниқса Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари унга қўшилишдан бош тортаётган пайтда маъносиздир.
Литва шартномани 1995 йилда имзолаган ва 1998 йилда уни расман ратификация қилган.
1994 йилда қабул қилинган шартномага Европа ва Марказий Осиёнинг 47 давлати қўшилган. Шартноманинг асосий мақсади энергетика соҳасига, хусусан, постсовет ҳудудидаги хорижий сармояларни ҳимоя қилишдир.
Бироқ сўнгги йилларда шартнома иқлим сиёсатига, жумладан Европа Яшил келишувига ва Париж келишувига мос келмаслиги учун танқид қилинди. 2024 йилда ЕИ Кенгаши Европа Иттифоқи ва Евротом ҳамжамиятининг шартномадан чиқишини маъқуллади.
Бугунги кунга қадар Италия, Франция, Германия, Польша, Словения, Люксембург, Португалия, Испания ва Буюк Британия Шартномадан чиқишди. Нидерландия 2025 йил июнь ойи охирида расман чиқиши режалаштирилган