Литва Лукашенко томонидан Беларус аҳолисига қарши содир этилган жиноятларни тергов қилиш учун материалларни Халқаро жиноий суд прокурорига расман топширди. Бу ҳақда Литва Адлия вазирлиги маълум қилди.
"Александр Лукашенко ва Беларус ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг бошқа вакиллари мамлакатнинг тинч аҳолисига қарши ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, жиноий жавобгарликка тортиш, қотиллик, зўравонлик, қийноқлар, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомалани ўз ичига олган кампания бошлади", дейилади баёнотда.
Литва расмийлари, шунингдек, ушбу жиноятларнинг элементлари Беларус томонидан Литва ҳудудида содир этилганлигини, бунинг натижасида бундай жиноятлар ХЖС юрисдикциясига кирганлигини таъкидлади.
Тергов учун материаллар Беларус мухолифати вакиллари томонидан тўпланган ва Литвага топширилган. Бундан ташқари, Литва Адлия вазирлиги нодавлат ташкилотлари ва бошқа ташаббускор платформалардан Лукашенко режимининг жиноятлари ҳақида далиллар тўплаган. Литванинг ХЖСга шикоят қилиш қарори Беларус мухолифати томонидан олқишланди.