Косово атрофидаги вазият муносабати билан Европанинг марказида “катта портлаш” содир бўлмоқда, деб ҳисоблайди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
“Европанинг марказида катта портлаш содир бўлмоқда. 1999-йилда НАТО Хелсинки якуний акти ва ЙХҲТ ҳужжатларининг барча мумкин бўлган тамойилларини бузган ҳолда Югославияга қарши тажовузни амалга оширган жойда”, — дея Лавров сўзларидан иқтибос келтирган Россия ОАВлари.
Россия вазири Сербия ва Косово атрофидаги вазиятни хавотирли деб атади. Унинг фикрича, Ғарб давлатлари “ҳаммани тўлиқ бўйсундириш” йўлидан борди.
Аввалроқ Сербия президенти Александр Вучич Косоводаги вазият кескинлашгани сабабли Сербия армиясини максимал шай ҳолатга келтирган эди. 28-май куни Сербия мудофаа вазири Милош Вучевич Косоводаги кескинлик авжига чиққани ва қуролли можарога айланиши мумкинлигини айтди.