Хабарларга кўра, Латвия ҳаво ҳудудида Россия томонидан учиб келган бир нечта дрон қайд этилди. Миллий қуролли кучларнинг маълум қилишича, улардан иккитаси қулаб тушган.
Дронлардан бири Резекнедаги нефт маҳсулотларини сақлаш объекти ҳудудига тушган. Дрон бўш турган нефт резервуарига келиб урилган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар очиқ ёниш ҳолатини аниқламаган. Иккинчи дрон қулаган жойни қидириш ишлари ҳамон давом этмоқда.
7 май кечаси ҳаво ҳудудига эҳтимолий таҳдид ҳақидаги хабарни Резекне шаҳри, шунингдек, Резекне, Балви ва Лудза ўлкалари аҳолиси олган. Маҳаллий таълим муассасалари эса дарслар бекор қилингани ёки онлайн форматга ўтказилгани ҳақида хабар берди.
Латвия ҳаво ҳудудига охирги марта эҳтимолий таҳдид 3 майга ўтар кечаси эълон қилинган эди. Ўшанда бу ҳолат Украина дронларининг Россия нефт терминалларига уюштирган ҳужуми билан боғлиқ бўлган.