Бугун 5 ноябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Куз таровати: Туркиянинг сокин гўшалари

Куз таровати: Туркиянинг сокин гўшалари

Куз – табиат олтин ва алвон рангларга бурканиб, борлиқ ўзгача қиёфа касб этадиган бетакрор фасл. Кузнинг ана шундай сеҳрли таровати Туркияни шовқин-сурондан йироқда, табиат қўйнида хотиржам ҳордиқ чиқаришни истаганлар учун янада жозибадор манзилга айлантиради.

3000 йиллик тарих: Халфети

Халфети – Туркиянинг Шанлиурфа вилоятидаги мафтункор туманлардан бири бўлиб, у 2013 йилда Cittaslow халқаро мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан «Сокин шаҳарлар» тармоғига киритилган. Милоддан аввалги 855 йилда оссурияликлар томонидан бунёд этилган ушбу қадимий маскан ўзининг қарийб 3000 йиллик тарихи давомида Хетт, Оссурия ва Македония каби буюк цивилизациялар изларини сақлаб келмоқда.

2000 йилда Бирежик тўғони қуриб битказилиши натижасида Халфетининг катта қисми сув остида қолган. Бугун Фурот дарёси бўйлаб қайиқда сайр қилиб, сув остида қолган қадимий шаҳарнинг айрим иншоотлари ва тарихий қолдиқларини томоша қилиш мумкин. Сув қаърида қолган уйлар, дарахтлар, масжидлар ва бошқа обидалар бу ҳудуднинг ўзига хос тарихий манзарасини ҳосил қилади.

Халфети дунёда фақат шу ҳудудда етиштириладиган машҳур қора атиргул – Карагули билан ҳам машҳур. Табиатнинг бу ноёб мўъжизаси ўзининг сирли ранги ва бетакрор гўзаллиги билан сайёҳларни ҳайратга солади.

Кузни китоблар билан қарши олинг: Туркиянинг энг бой кутубхоналари

Кузнинг сокин кунлари китоб мутолааси учун айни муддао. Кутубхоналарнинг осойишта муҳити, китоб жавонлари орасида кечадиган хотиржам лаҳзалар бу фаслга ўзгача мазмун бағишлайди. Туркиянинг турли ҳудудларида жойлашган кутубхоналар нафақат илм-маърифат, балки маданий ҳордиқ масканлари сифатида ҳам эътиборга молик.

Анқарадаги Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонаси ва Туркия Миллий кутубхонаси, Истанбулдаги Отатурк кутубхонаси, Бурсадаги Инебей қўлёзмалар кутубхонаси шулар жумласидандир. Ушбу масканлар ўзининг бой китоб фонди, тарихий қўлёзмалари ва илмий-маърифий муҳити билан китоб ихлосмандлари эътиборини тортади.

Бетакрор манзаралар изидан: Немрут тоғи

Туркиянинг Адияман вилояти Каҳта туманида жойлашган Немрут тоғи денгиз сатҳидан 2150 метр баландликда жойлашган. Унинг энг диққатга сазовор жиҳати чўққисидаги улкан тош ҳайкаллардир. Ушбу ноёб тарихий ёдгорликлар туфайли Немрут тоғи 1987 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 1988 йилда эса мазкур ҳудуд миллий боғ сифатида муҳофазага олинган.

Тоғ чўққисидаги маҳобатли ҳайкаллар қадимги Коммагена подшоҳлигидан бизгача етиб келган археологик мерос ҳисобланади. Эллинистик, форс ва Коммагена маданияти анъаналари уйғунлигида яратилган бу обидалар Шарқ ва Ғарб цивилизациялари ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни акс эттиради. Тахминан 2000 йил аввал Коммагена ҳукмдори Антиох Теос фармони билан ясатилган ҳайкалларда юнон ва форс худолари тасвирланган. Бу ерда ҳукмдорнинг мақбара-ибодатхонаси ҳам жойлашган.

Немрут тоғи қуёш ботишини кузатиш учун Туркиядаги энг машҳур масканлардан бири саналади. Кун охирида уфққа оғаётган қуёш нурлари қадимий ҳайкалларга тушиб, уларнинг бетакрор қиёфасини янада яққол намоён этади.

Шовқин-сурондан йироқда: кузги велосипед йўналишлари

Туркияда куз ҳар бир ҳудудда ўзига хос ранглар жилоси билан намоён бўлади. Табиатнинг ана шу ранг-баранг манзараларини яқиндан кузатиш ва кузги сокинликдан баҳраманд бўлишнинг мароқли усулларидан бири велосипед саёҳатидир. Мамлакатдаги турли йўналишлар денгиз соҳиллари, ўрмонлар, тоғли ҳудудлар ва тарихий масканларни қамраб олади.

Майин шабада эсиб турадиган куз кунлари велосипедда сайр қилиш учун қулай фурсат ҳисобланади. Айниқса, Эгей ва Ўрта ер денгизи минтақаларининг мўътадил иқлими велосипед саёҳатларини куз фаслида ҳам давом эттириш имконини беради. Ликия йўли ва Гокова ўзининг гўзал табиат манзаралари ҳамда денгиз бўйидаги йўналишлари билан ажралиб туради. Жунда, Даламан ва Бодрумда эса денгизнинг мовий сувлари ва ям-яшил табиат уйғунлиги велосипед саёҳатларига ўзгача жозиба бағишлайди.

Мамлакатдаги турли йўналишлар денгиз соҳиллари, ўрмонлар, тоғли ҳудудлар ва тарихий масканларни қамраб олади. Қора денгиз минтақасининг сўлим яйловлари эса мусаффо ҳавоси, кенг яшил ҳудудлари ва табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш имкониятлари билан ажралиб туради. Мармара минтақасидаги Капидағ яримороли ва Сапанжа кўли атрофидаги йўналишлар ҳам кузги велосипед саёҳатлари учун ўзига хос табиий муҳитга эга.

Сокинлик ва осойишталик маскани: Сапанжа

Истанбулга яқин жойлашган Сапанжа Туркиянинг табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш мумкин бўлган сўлим ҳудудларидан биридир. Йилнинг ҳар бир фаслида ўзгача қиёфа касб этадиган бу маскан кузда, айниқса, жозибали тус олади. Айниқса, кузда кўл юзидаги сокинлик ва табиатнинг майин ранглари бир-бирига уйғунлашиб, Сапанжага ўзига хос жозиба бағишлайди.

Бу ерда табиат қўйнида жойлашган бунгалов уйларида дам олиш, кўл бўйлаб пиёда ёки велосипедда сайр қилиш мумкин. Сув юзида акс этган кузги манзараларни кузатиш, азим чинорлар соясида вақт ўтказиш эса Сапанжадаги осойишта муҳитнинг ажралмас қисмидир.

Ранглар жилоси: Едигўлларда кузги ҳордиқ

Туркияда табиат қўйнида дам олиш учун энг машҳур масканлардан бири Едигўллер миллий боғидир. Ғарбий Қора денгиз минтақасининг Болу вилоятида жойлашган ушбу ҳудуд, айниқса, октябрь ва ноябрь ойларида ранг-баранг куз манзаралари билан эътиборни тортади. Бу даврда дарахтларнинг сариқ, қизил, зарғалдоқ ва қўнғир тусга кириши миллий боғга ўзгача гўзаллик бағишлайди.

Едигўллернинг бой ўсимлик дунёси унинг табиий жозибасини янада оширади. Бу ерда қайин, граб, эман, олха, заранг, қайрағоч, терак, қарағай, оққарағай, жўка ва шумтол каби кўплаб дарахт турлари учрайди.

Номидан ҳам англашилганидек, Едигўллер ҳудудида еттита кўл мавжуд. Миллий боғдаги махсус пиёда йўлаклари орқали барча етти кўлни айланиб чиқиш, атрофдаги ўрмонлар ва табиий манзараларни яқиндан кузатиш мумкин. Шунингдек, Буюккўл ва Дерингўл кўлларида балиқ овлаш ҳам йўлга қўйилган. Бу кўллар, айниқса, камалакранг форель балиғи билан машҳур.

Киритилди: 10:29 03.11.2026. Ўқилди: 521 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!