40 ёшли юлдуз ҳужумчи ва «Ан-Наср» сардори Криштиану Роналду ўзининг спортдаги узоқ умри ва жисмоний формасини сақлаб туриш сирини очиқлади.
«Тинч ва тўлиқ ухлаш — бу менинг энг муҳим қуролим. Мен ухлаш ва уйғониш вақтимга қатъий амал қиламан. Масалан, соат 11 ёки 12 ларда ухлайман ва 8:30 да уйғониб, кунни бошлайман. Бу менинг кундалик режам. Фикримча, соғлиқни асраш нуқтайи назаридан бу ҳаётдаги энг муҳим нарсадир», — деди Роналду Whoop компанияси расмий саҳифаларидаги видеолавҳада.
Роналду 2023 йил январидан буён Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» жамоасида тўп суради. Шу вақт ичида у барча мусобақаларда 112 та ўйинда майдонга тушиб, 99 та гол урган ва 21 та голли узатма берган.
Унинг жамоа билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.