Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россияга қарши янги санкциялар тўпламини жорий этиши мумкинлигини маълум қилди.
Кремл вакилининг фикрича, Байден жамоаси шу йўл билан 20-январь куни расман АҚШ президенти лавозимига киришадиган Дональд Трампга Россия билан муносабатларда "оғир мерос" қолдирмоқчи.
"Биз шуни англаймизки, (Жо Байден) маъмурияти, шубҳасиз, Трамп ва унинг ҳамкорларига икки томонлама муносабатлар бўйича иложи борича оғирроқ мерос қолдиришга уринади. Ва бу саъй-ҳаракатлар доирасида, албатта, санкцияларнинг навбатдаги тўплами киритилиши эҳтимолдан холи эмас," - деди Песков матбуот анжуманида.
Reuters икки ишончли манбага таяниб, АҚШнинг амалдаги президенти маъмурияти Россияга қарши янги санкциялар киритишни режалаштирмоқда, деб хабар берди. Бу санкциялар бир баррель нефти 60 доллардан юқори нархда сотилган нефтни ташувчи танкерларга қаратилган.
Декабрь ойида The Washington Post газетаси АҚШ Россиянинг энергетика секторига қарши санкциялар жорий этиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган эди. Бу санкциялар Россиянинг нефть экспорт қилувчи компаниялари ва юк кемаларига таъсир кўрсатади. АҚШнинг таъкидлашича, улар Россиянинг "соя флоти"га киради.