Украина пойтахти воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёргарлик кўрмоқда.
Киев мэри Виталий Кличко имконияти бор пойтахтликларни шаҳарни вақтинча тарк этишга, қолганларни эса озиқ-овқат, сув ҳамда дори-дармон захирасини ғамлаб қўйишга чақирди. У вазият оғирлиги ва янада мураккаблашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Вазият ниҳоятда оғир»
«Шаҳар аҳолисига очиқ айтяпман: вазият ниҳоятда оғир ва бу ҳали энг қийин палла бўлмаслиги мумкин. Озиқ-овқат, сув ва зарур дори-дармонлар захирасини тайёрлаб қўйинг. Шаҳар ташқарисига, муқобил энергия ва иссиқлик манбалари мавжуд бўлган жойларга чиқиб кетиш имконига эга бўлганлар бу вариантни рад этмасинлар», - деб ёзди Кличко Facebook’даги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, энергетика соҳасидаги мураккаб ҳолат ҳамда Россия томонидан шаҳар ва мамлакатнинг муҳим инфратузилмаларига ҳужумлар давом этиши эҳтимолини инобатга олган ҳолда, Киев воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёргарлик кўрмоқда.
Мер иш берувчиларни иш графикларини мослаштиришга ва имкон қадар ходимларни масофавий иш тартибига ўтказишга чақирди.
Исиниш марказлари ташкил этилган
Кличконинг маълум қилишича, Киевда зарурат туғилганда одамлар тунаб қолиши мумкин бўлган исиниш марказлари ташкил этилган. Ушбу марказлар кўчма қозонхоналар ёрдамида иситилади, шунингдек, у ерда озиқ-овқат ва гигиена воситалари таъминоти кўзда тутилган.
Барча хизматлар узлуксиз ишламоқда
Шаҳар мэри Киев шаҳар маъмуриятининг барча хизматлари, шунингдек, коммунал хизмат ходимлари, шифохоналар ва ижтимоий муассасалар тун-у кун ишлаётганини алоҳида таъкидлади.