Бугун 20 февраль, 2019 йил, чоршанба

O'ZB

“Кепқолинг, бола сотама-а-н...”

“Кепқолинг, бола сотама-а-н...”

2019 йил 3 февраль куни Навоий вилояти, Хатирчи туманида яшовчи З.С. (исмли аёл) 3 ёшли ўғлини икки нафар шахсга 8 млн сўм ва 100 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Аввалроқ, Тошкентда фарзандини 300 доллар эвазига сотаётганлар ушланганди.

Департаментнинг Жарқўрғон туман бўлими ходимлари ва туман ИИБ билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Унда Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи фуқаро Д.Б. ўзининг шахсини яшириб, фуқаро М.га тегишли паспорт нусхаси билан жорий йилнинг 26 январда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида туғруқхонага жойлашиб, шу куни қиз фарзандли бўлиб, 3 февраль куни қиз фарзандини фуқаро С.га 3,5 млн. сўмга сотиб кетаётган вақтида ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Д.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бир кунда бу икки хабарни ўқиб ҳайратда қоламан. Наҳотки пул ҳамма нарсадан устун турса? Бир ўлимдан қолиб дунёга келтирган жигарбандини сотаётган оналар, шу қоғоз пуллар унинг битта тирноғининг нархиям эмаску! Аллоҳ сизни фарзанд деган неъматга муносиб кўрганига нега бунчалар ношукурчилик қилдингиз? Қандай арзимаган чақа эвазига юрагингизнинг парчасини сотиб кетяпсиз? Яна аччиқ-аччиқ гапларим кўп. Кунига битта бозорхалта тикиб сотсангиз ҳам кунингиз ўтади. Дастурхонингизда нонингиз бўлади. Фарзандини сотган эртага иймонини, динини, Ватанини сотмайдими? Шунчалик пастмисиз? Онамисиз сиз ҳам, инсонмисиз?

Ҳов, касалхона эшиги олдида сарғайган эркак, аёлни қаранг! Уларни эшикма-эшик, юришга нима мажбур қилдийкин? Фарзандсизлик, бепуштлик! Аёлнинг кўзидаги интизорликни сиз тушунармидингиз? Боласотарлар буни тушунмайди. Эркакнинг юрагидаги аламга тоғ бардош бермайди. Сиз эса ана шу бебаҳо, фақат Аллоҳ муносиб кўрганига бергувчи неъматни дунё ҳавасларига алмашиб кетяпсиз?

Сиз учун номуснинг, орнинг нархи қанча? Фарзандидан воз кечган нонкўрларни нима дейиш мумкин? Мен аниқ биламанки, она деб бўлмайди! Фарзандини сотаётганлар Аллоҳдан ҳаё қилинг! Сизни ўзининг энг олий неъмати фарзандли бўлишга муносиб кўргани учун фақат шукур денг! Зинҳор уни арзимаган чақаларга сота кўрманг!

Саида ИБОДИНОВА

Manba: azon.uz

Киритилди: 15:17 11.02.2019. Ўқилди: 782 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!