Бугун 18 сентябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Келдиёрова “катта лейтенант”, Осипова эса “лейтенант” бўлди

Келдиёрова “катта лейтенант”, Осипова эса “лейтенант” бўлди

Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида «Париж-2024» Олимпия ўйинларида иштирок этган бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирни мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов сўз билан очиб бериб, унда спорт халқларни бирлаштирувчи, дўстликни мустаҳкамловчи, ҳар қандай мамлакатни дунёга тез танитувчи соҳалардан бири эканлигини алоҳида қайд этди.

Хусусан, Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг дунё ҳамжамиятида Янги Ўзбекистонни мавқеини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган оқилона сиёсатларининг асосий йўналишларидан бири ҳам спортни ривожлантириш, аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилгани таъкидланди.

Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХХXIII ёзги олимпияда ўйинларида мамлакатимиз терма жамоаси 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллаганлиги, Мудофаа вазирлиги спортчилари ушбу нуфузли мусобақада 2 та олтин ва 1 та кумуш медалларини қўлга киритгани эътироф этилди ва мудофаа вазирининг тегишли буйруғи билан улар тақдирланди.

Хусусан, -52 кг вазн тоифасида дзюдо спорти бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси тарихида илк олтин медаль соҳибаси Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази спортчиси лейтенант Диёра Келдиёровага муддатидан олдин навбатдаги «катта лейтенант» ҳарбий унвони топширилди. Шунингдек, у «Тўмарис» кўкрак нишони билан ҳам тақдирланди.

-68 кг вазн тоифасида таэквондо спорти бўйича Ўзбекистон Республикаси тарихида илк икки карра Олимпиада олтин медаль соҳиби, Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази спортчиси кичик сержант Улуғбек Рашитов бошланғич офицерлик «лейтенант» ҳарбий унвони билан тақдирланди.

Таэквондо спорти бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси илк кумуш медаль соҳибаси, Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази спорт бўлими спортчиси кичик сержант Светлана Осиповага ҳам бошланғич офицерлик «лейтенант» ҳарбий унвони топширилди. Бундан ташқари, у «Тўмарис» кўкрак нишони билан ҳам тақдирланди.

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришдаги фаоллиги ҳамда хамкорлиги учун Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази ўқитувчи тренери – Қуролли Кучлар хизматчиси Хан Павел Афанасевич икки хонали уй билан;

-57 кг вазн тоифасида бокс спорти бўйича аёллар ўртасида ўтказилган мусобақаларда матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази спорт бўлими спортчиси – оддий аскар Турдибекова Ситора Шавкат қизи «Тўмарис» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бокс федерацияси бош мураббийи Қиличев Тўлқин Махмурович, бокс бўйича аёллар Бош мураббийи Расулов Элшод Юнусович, Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази ўқитувчиси Қуролли Кучлар хизматчиси Хасанов Акмал Йўлдашевич мудофаа вазирининг «Малакали устоз» кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Бундан ташқари, мудофаа вазирининг буйруғи билан қолган ҳарбий хизматчи, Қуролли Кучлар ишчи, хизматчилари ва мураббийлар ҳам жойларда тантанали равишда тақдирланиши белгиланди.

Киритилди: 18:10 30.08.2024. Ўқилди: 2832 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!